19:19 | 24.04.24
Кореялик ҳарбий қандай қилиб уч давлат армиясига ёлланган?
Кёнгжонг Янг – япон, рус, немис армиясида хизмат қилган корейс аскари сифатида тарихга кирган.
Инсониятга мислсиз жабр етказган, 70 миллиондан ортиқ одамларнинг ўлимига сабаб бўлган, Антрактидан бошқа барча қитъалар иштирок этган иккинчи жаҳон уруши ҳақида ҳануз ошкор этилмаган ҳайратланарли воқеалар ва маълумотлар талайгина.
II жаҳон уриши тугаганига қарийб 80 йил ўтган бўлсада, у ҳақидаги ўрганишлар ва тадқиқотлар ҳали-ҳамон давом этмоқда. Урушлар ва уларнинг оқибатларини ўрганувчи журналистлар ва тадқиқотчилар жаҳон урушлари билан боғлиқ қизиқарли ҳамда ўрганилмай қолган ҳодисаларни доимий ёритиб боришади.
Урушлар оқибатида ҳаёт тарзини бутунлай ўзгартиришга мажбур бўлган кишилар, ўзи яшаётган уй-жойини, иши, ватани ,ҳатто, армиясини ўзгартирган одамлар ҳақида шундай қизиқ маълумотлар борки, уларни ўқиб ҳайратдан ёқа ушлашингиз табиий. Аввал Япония ҳарбий кучлари, кейин руслар ва немислар армиясида хизмат қилишни уддалаган кореялик Янг Кюнгжонг ҳақида қуйидаги маълумотларни жамладик. У ўзининг 6 йиллик ҳарбий хизмати давомида иккинчи жаҳон уруши даврида 3 та мамлакат ҳарбий қўшинлари сафида жанг қилиб, Ер шарининг нариги томонигача яъни АҚШгача етиб борган ноёб ҳарбий сифатида эътиборга тушган.
Япониялик ҳарбий сифатида
Кёнгжонг Янг 1920 йилнинг 3 мартида ҳозирги КХДР таркибига кирувчи Синуйжу ҳудудида туғилган. Ўша пайтларда бу ҳудудлар Япония мустамлакасига айлантирилган, бу ерлик фуқаролар, асосан, ҳозирги Хитойнинг шимолий-шарқида жойлашган тарихий Манжурия провинциясида хизмат қилишар эди. 1938 йилда 18 ёшга кирган Кёунгжонг ҳам ҳарбий хизматга жалб қилингач, Япония қуролли кучлари аскарига айланади. Ўша йиллари дунёни бўлиб олиш учун катта давлатларнинг кучсиз давлатларга тажовузкор ҳарбий ҳаракатлари бошланган, инсониятни катта йўқотишлар ва қирғинбарот урушларга етаклаётган давр бошланиб бўлган эди. Кёунгжонг Япония ҳарбийлари сафида Хитойни босиб олиш операциясида фаол иштирок эта бошлайди. 1938 август ойида “Ҳасан Жанги” номини олган тўқнашувларда совет армиясига қарши курашади ва советлар томонидан асирга олинади.
Кёнгжонг Янг Совет аскари
Япония жангчиси асир сифатида Мўғулистонда ССРга олиб келинади ва 1942 йилгача Узоқ Шарқдаги Гулаг мажбурий меҳнат лагерларидан бирида ҳибсда сақланади. Бу йилларда немисларнинг советларга қарши кенг кўламдаги ҳужумлари орта бошлайди. Советлар “гулаг”лардаги маҳбусларни урушга сафарбар қилиш ҳақида уйлаб қолишади ва барча асрга олинган чет эллик собиқ ҳарбийларни немисларга қарши жангга юборишади.
Янг Кёнгжон асирликда юрган даврида рус тилини яхши ўрганиб олган бўлиб, офицерлар кўрсатмаларини яхши тушунган. 1943 йил баҳорида Эрич фон Манштейн бошчилигидаги немис қўшинлари Харков ва Белгородни қайта эгаллайди. Бу операцияда Янг Кёнгжон совет аскари сифатида немислар томонидан асир олинганлар орасига тушиб қолади.
Гитлер аскари сифатида
Немис армияси учун совет жангчилари орасида кўзи қисиқ осиёликлар борлиги янгилик эмасди. Чунки молдованлар, қозоқлар, қирғизлар юз тузилиши жиҳатидан корейслар ва японияликларга жуда ўхшаш бўлишади. Германиянинг Япония билан иттифоқдош бўлгани Янг тақдирига яна бир бурилиш нуқтаси ясайди. Лагерларда ўтириб чарчагандан, кимга қарши урушишнинг аҳамияти қолмган ва Европадаги уруш унинг ватанига ҳеч қандай даҳл сола олмаслигини сезган Янг Кёнгжон немис ҳарбийлари билан бир сафда жанг қилишларига рухсат беришларини сўраб, ўзининг аввал япония армиясида хизмат қилгани ва советлар томонидан асир олингани кейинчалик немисларга қарши урушга юборилганини исботлай олади.
Иттифоқчилар советларни қўллаш мақсадида Франциядан туриб Германияга ҳужум бошлагандан сўнг немислар 2 та фронтда жанг олиб боришига мажбур бўлишади ва иккинчи фронтга ҳарбийлар йўналтиришади улар орасида эса Кёнгжонг Янг ҳам бўлиб, Гитлер армияси сафида туриб хизматга киришиб кетади.
Янг 1944 йил 6 июньда АҚШ қўшинларининг 1ҳаво дивизияси парашютчилари томонидан қўлга олиниб, “фашист кийимидаги япон аскари” сифатида қабул қилинади. Кейинчалик унинг япон эмас, корейс миллатига мансуб эканлиги аниқланади. Лекин бу уни қўйиб юборишлари учун етарли асос бўла олмайди. Янг иккинчи жаҳон уруши тугагунга қадар Буюк Британияда, ҳарбий асирлар сақланадиган лагерда қолади.
Ватани Шимолий Кореяда вазият нотинч бўлганлиги учун уйга қайтмаган Кёнгжонг 1947 йилда АҚШга кўчиб ўтди ва умрининг қолган даврини Чикаго яқинидаги Иллинойс штатида ўтказди. У ерда Кюнгжонг оила қуриб, икки ўғил ва бир қизнинг отаси бўлди.
Иккинчи жаҳон урушининг универсал қатнашчиси 1992 йил 7 апрелда вафот этган.
Кёнгжонг ҳақидаги маълумотлар ҳамон ҳарбий соҳадаги тадқиқотчилар ва уруш тарихчилари томонидан ўрганилиб борилмоқда. Мутахассисларнинг ҳаммаси ҳам юқорида айтилган у ҳақидаги воқеалар ҳақиқатлигига ишонишмайди. Бироқ, британиялик тарихчи Энтони Биверга кўра, 1944 йилда АҚШ ҳарбийлари томонидан Нормандияда олинган фотосурат унинг саргузаштлари ҳақиқийлигини исботлайди. Янг Кёнгжонгнинг исми турли тилларда турлича ёзилган бўлиши мумкин.
Янг Кёнгжонг ҳақидаги маълумотлар биринчи марта 2002 йилда “Weekly Korea” журналида эълон қилинган. 2011 йилда Корейс киноижодкорлари томонидан Кёнжоннинг машаққатли ҳаёт йўли асосида суратга олинган “Менинг йўлим” фильми Кореяда катта қизиқиш билан қарши олинади.
Филм намойишидан кейин корейс халқи ўз ватандошини сотқин ёки хоин сифатида эмас, балки иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонларидан бири сифатида қабул қилишган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: