14:18 | 05.07.24
«Озодбек Назарбековнинг ҳеч қандай моддий манфаатдорлиги ёки реклама орқали наф олиш мақсади кўзланмаган». Маданият вазири кийим дўконини реклама қилгани юзасидан маълумот берилди.
Озодбек Назарбеков кийимлар дўконининг Instagram’даги рекламасида иштирок этгани ҳақида хабар берилган эди. Маданият вазирлиги матбуот хизмати ҳолатга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Озодбек Назарбеков «Тhe Voice оf Uzbekistan» лойиҳаси ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида «KINGSMAN UZBEKISTAN» кийимлар дўконига ташриф буюриб, лойиҳанинг навбатдаги сонини тасвирга олиш жараёнида қатнашиш учун лойиҳа имижмейкерлари билан биргаликда либос танлаган.
Либос танлаш жараёнида Озодбек Назарбеков миллий бренд ривожи учун ўзининг шахсий фикрларини билдириб, тавсия бериб ўтган. Бу орқали Ўзбекистонда яратиб берилган қулай бизнес муҳити туфайли фаолиятини самарали йўлга қўйган, хорижникидан асло қолишмайдиган сифатли маҳсулотлар тайёрлашга интилаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш назарда тутилган.
«Бундан Озодбек Назарбековнинг ҳеч қандай моддий манфаатдорлиги ёки реклама орқали наф олиш мақсади кўзланмаган. Озодбек Назарбеков Маданият вазири, қолаверса, Ўзбекистон халқ артисти ва давлат хизматчиси сифатида Ўзбекистон Республикасининг барча қонунларини ҳурмат қилади ва уларга қатъий риоя этади», — дейилади хабарда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: