13:20 | 22.12.23

                       

Махсус тадбирларда психотроп дориларни тарқатиб келаётган икки нафар «закладчик» аёл қўлга олинди

Тошкент вилояти ва пойтахтда ўтказилган тезкор тадбирларда психотроп дори воситалари савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ фаолияти аниқланди.

Тошкент вилояти ИИББ ва унинг қуйи тизим Тезкор-қидирув хизмати ходимлари ўтказган тезкор тадбирда кучли таъсир қилувчи ва психотроп дори воситалари савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Хусусан, Оққўрғон тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент шаҳрида яшовчи 58 ёшли аёл Л.Г. гумонланиб, текширилганда унинг ёнида 57 дона «Зардекс» ва «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, ҳужжатлаштириб олинган.

Ушланган шахс билан ўтказилган тезкор суриштирув ишлари натижасида, у дориларни Фарида (барча исмлар ўзгартирилган) исмли танишидан олганлиги аниқланиб, тезкор тадбир давом этган. Учтепа туманида «Фарида», яъни 32 ёшли Ф.А. нинг хонадони кўздан кечирилиб, унинг уйидан 2 минг донага яқин «Зардекс», «Лирика» ва «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари далилий ашё сифатида олинган.

Бундан ташқари, ушбу хонадонда бўлган 30 ёшли шахс ҳам аёлга ёрдамчи экани, у дориларни сотиш учун мижозлар топиш ва тарқатилиш билан шуғулланиши аниқланган.

Шунингдек, Шайхонтоҳур туманида уларга алоқадор 29 ёшли шахс текширилганда 8 грамм «мефедрон» синтетик гиёҳвандлик воситасини 300 АҚШ доллари ва 4 миллион 200 сўмга назоратдаги харидорга сотаётган вақтида ушланган. Унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида ювиниш хонасида 46 грамм «мефедрон» синтетик гиёҳвандлик воситаси ўтказиш мақсадида сақланаётгани аниқланиб, далилий ашё сифатида олинган.

Тўрт кун давомида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирларида 6 нафар шахсдан иборат жиноий гуруҳ қўлга олиниб, ноқонуний муомаладан нархи 178 миллион сўмга тенг жами 2 000 донадан ортиқ кучли таъсир қилувчи, психотроп дорилар ҳамда синтетик гиёҳвандлик воситалари муомаладан олинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: