15:49 | 29.08.24

                       

«Миллий тикланиш» педагоглар маошини ошириш тарафдори!

«Миллий тикланиш» педагоглар шарт шароитини яхшилаш тарафдори.

«Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров 27 октябрда бўлиб ўтадиган сайловларда партия қайси ғоя ва ташаббусларларни фаол илгари суриши ҳақидаги саволларга жавоб қайтарди. Унинг айтишича, партия дастурида таълим ва тарбия масалалари алоҳида ўрин тутади.

Ўз нутқида Қодиров таълим соҳасида, айниқса, ўқитувчиларнинг шарт-шароитларини яхшилаш бўйича партия ўтган сайловларда илгари сурган қонунларни қабул қилинишига эришганлигини таъкидлади. Хусусан, «Педагоглар мақоми тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилинганлигини қайд этган ҳолда, «Таълим тўғрисида»ги қонунга ҳам бир қатор ўзгартиришлар киритилиши зарурати ҳақида айтиб ўтди.

Шу билан бирга, партия раиси ўқитувчилар фаолиятига баҳо бериш тизимини яратиш ҳақида ҳам сўз юритиб, бу борада етарлича муаммолар борлигини қайд этди. Соҳада педагогларнинг янги авлодини тарбиялаш масаласи ҳам партия платформасидаги долзарб йўналиш ҳисобланишини билдирди.

Ёш авлод тарбиясида муҳим босқич – мактабгача таълим ташкилотлари ҳолати ҳақида ҳам партиянинг позицияси билдириб ўтилди.

«Болалар боғчасида эҳтимол қамров даражаси ортиб бораётгандир, лекин болалар боғчасини ичида биз мазмун-моҳиятни ўзгартира олмадик деб ҳисоблаймиз».

Ўз фикрини давом эттирар экан, Қодиров педагогларнинг маошини ошириш масаласини ҳам алоҳида эслаб ўтди:

«30 нафар болага битта олий маълумотли педагогнинг тўғри келиши ёки болаларнинг энг муҳим тарбия кўрадиган даврида улар билан шуғулланиши керак бўлган педагогларнинг маоши камлиги каби масалалар бизни албатта қийнайди».

«Миллий тикланиш» партияси бу галги сайловларда таълим соҳасини ривожлантиришга оид жиддий таклифлар билан иштирок этишини англаш қийин эмас. Бу борада бошқа партияларнинг ташаббуслари қандай бўлиши ҳам қизиқ, албатта. Бироқ, миллиятчилар соҳадаги ислоҳотларни давом эттиришда фаолликни қўлга олиш истагида эканлиги сезилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: