11:29 | 18.04.24

                       

Мирзиёев Душанбега етиб борди

Шавкат Мирзиёев Душанбега етиб борди. Давлат раҳбарини Эмомали Раҳмон кутиб олди.

Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Душанбе шаҳрига етиб борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, пойтахт аэропортида давлат раҳбарини Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон кутиб олди.

Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди ва икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди. Ўзбекистон Президентини кутиб олишда Тожикистон ёшлари ва ижодий жамоалари вакиллари ҳам қатнашди.

Сўнг Президент «Дўстий» майдонига ташриф буюриб, Исмоил Сомоний ҳайкали пойига гул қўйди.

Таъкидланишича, олий даражадаги музокараларда етакчилар Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қиладилар, халқаро ва минтақавий даражадаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашадилар.

Ташриф дастурида икки мамлакат санъат усталарининг концертини биргаликда томоша қилиш ҳамда «Made in Uzbekistan» маҳсулотлар кўргазмаси билан танишиш режалаштирилган.

Давлат ташрифи доирасида бир қатор тадбирлар, шу жумладан хотин-қизлар форуми, Ўзбекистон киноси кунлари, зиёлилар, олимлар ва тарихчилар конференцияси, миллий таомлар ва туризм салоҳияти фестивали бўлиб ўтди.

Аввалроқ Тошкент шаҳрида Ректорлар форуми ва Душанбе шаҳрида бизнес форуми ўтказилган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: