13:47 | 15.09.24

                       

Ўқувчилардан солиқ тўлашни талаб қилган солиқчилар жазоланди

Қашқадарёда 3 синф ўқувчиларидан солиқларни тўлаб қўйиш талаб қилган солиқчилар жазоланди (видео).

Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги 14-мактабда Солиқ инспекцияси ходими 3 синф ўқувчиларидан солиқларни тўлаб қўйишни талаб қилгани ҳақида хабар берилган эди.

Ҳолат бўйича Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси томонидан хизмат текшируви ўтказилди.

Аниқланишича, 4 сентябрь куни солиқ инспекциясининг Ишлаб чиқариш ва ёрдамчи ходимлар таркибидан Нурманов Рўзмамат Норқобилович ва Хазратқулов Бобур Асатуллаевичлар тумандаги 14-сонли ўрта мактаб бориб, 3-синф ўқувчиларига жисмоний шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк ва ер солиқлари ҳақида эслатмаларни ота-оналарига етказиш учун тарқатишган.

«Инспекция раҳбарияти томонидан ушбу ходимларга эслатмани айнан мактаб ҳудудида тарқатиш ҳақида топшириқ берилмаган.

Ходимлар мактаб ўқитувчиси билан келишиб, синф хонага кирган ҳолда ўқувчиларга эслатмаларни тарқатишган. Ҳолат синф раҳбари томонидан видео тасвирга олиниб, синф ўқувчилари ота-оналарининг телеграмдаги  гуруҳига ташлаб юборилган. Натижада ушбу видео тасвир ижтимоий тармоқларга салбий талқинда тарқалиб кетган», дейилади хабарда.

Ушбу ҳолат юзасидан Нишон тумани солиқ инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари И.Рахимқулов расмий огоҳлантириш берилди. Ходимлар Р.Нурманов ва Б.Хазратқуловлар томонидан йўл қўйган хатолари учун уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига асосан «Ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилди.

Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи томонидан ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда барча шаҳар ва туман солиқ инспекциялари бошлиқлари бу каби ҳолатларга йўл қўймасликлари юзасидан огоҳлантирилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: