13:01 | 26.05.24

                       

ОТМларда давлат гранти икки хил шаклда ажратилади

ОТМларда давлат гранти икки хил шаклда ажратилади. Эндиликда бакалавриат ва магистратурага қабул қилинган талабаларга таълим гранти бир ўқув йили учун ажратилади.

Ўзбекистонда 2024/2025 ўқув йилидан олий таълим муассасалари талабаларига давлат грантлари икки шаклда: ижтимоий-рағбатлантирувчи грант ва таълим гранти сифатида ажратилади. Бу Шавкат Мирзиёевнинг 24 майдаги «Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонида назарда тутилган.

  • Ижтимоий-рағбатлантирувчи грант қонунчиликда белгиланган имтиёз бўйича давлат гранти асосида ва мақсадли қабул доирасида талабаликка қабул қилинган талабаларга, шунингдек, тармоқ ва соҳаларнинг, давлат органлари ва ташкилотларининг грантлари соҳиблари учун ажратилади.
  • Таълим гранти давлат буюртмаси параметрлари доирасида олий таълим ташкилотига қабул қилинган талабалар учун ажратилади.

Эндиликда бакалавриат ва магистратурага қабул қилинган талабаларга таълим гранти бир ўқув йили учун ажратилади.

Грантни олий ўқув юртларига ажратилган давлат буюртмаси квотасига мувофиқ кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган биринчи курс талабалари олади.

Иккинчи ва кейинги йилларда грантлар университет томонидан юқори академик рейтингга эришган ва ижтимоий фаоллик кўрсатган талабалар ўртасида табақалаштирилган тартибда қайта тақсимланади.

Таълим гранти табақалаштирилган тартибда молиялаштирилади ва стипендия фақат тўлиқ таълим грантини ютган талабаларга тўланади.

Ижтимоий-рағбатлантирувчи грант, таълим грантидан фарқли ўлароқ, талабанинг бутун ўқиш даври учун тўлиқ миқдорда ажратилади.

Бундан ташқари, таълим гранти асосида ўқиган талабалар учун ўқишни тугатгандан кейин камида уч йил ишлаш мажбурияти бекор қилинади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: