9:38 | 10.09.24

                       

Ўзбекистонда давлат тиббий суғуртаси тизими жорий этилади

Ўзбекистонда давлат тиббий суғуртаси тизими йўлга қўйилади.

Саудия Арабистонининг Al Bаwaabа электрон нашрида «Ўзбекистонда 1 октябрдан миллий тиббий суғурта тизими жорий этилади» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда «Дунё».

Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда тиббий суғурта механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди, деб таъкидланган материалда.

«Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликни эрта аниқлаш ва даволашда бирламчи бўғин жуда муҳим. Шунинг учун давлат раҳбари бу йўналишдаги ислоҳотларни халқимизнинг, айниқса, олис ҳудудлардаги аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини чуқур ўрганган ҳолда босқичма-босқич амалга ошириш зарурлигини таъкидлади», – дейилади нашрда.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлардан яна бири – давлат тиббий суғуртаси. Бу борада муайян ишлар бошланган ва тайёргарлик кўрилган.

Қайд этилишича, давлат тиббий суғуртаси тизимини шу йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида, 2025 йил 1 январдан Қорақалпоғистон Республикасида жорий этиш таклиф этилмоқда. Бунинг учун 2024 йил якунига қадар «Электрон поликлиника» ва «Электрон шифохона» ахборот тизимлари жорий қилинади. Тиббиёт ходимлари улардан фойдаланиш бўйича ўқитилади. Муассасалар зарур техника ва тармоқ қурилмалари билан жиҳозланади.

Бу тизимнинг аҳамияти шундаки, тиббиётда натижага асосланган молиялаштириш усуллари татбиқ қилинади. Суғурта доирасида тиббий хизматларни кўрсатиш ва дори воситаларини тақдим этиш давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади, аҳолидан қўшимча тўлов ундирилмайди.

Мақола якунида «Давлат тиббий суғуртаси тизимини Ўзбекистонинг бошқа ҳудудларида 2026 йил якунига қадар жорий этиш режалаштирилган», – деб ёзилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: