18:47 | 14.04.23

                       

Ўзбекистонда сабзи нархи рекорд даражада ошди. Бунга нима сабаб бўлмоқда?

Тошкент улгуржи бозорларида янги ҳосил сабзисининг йирик партиялари ҳали ҳам чиқмаган

Тошкент улгуржи бозорларида янги ҳосил («ёш») сабзисининг йирик партиялари чиқмади, яъни мазкур турдаги сабзавотнинг йирик партияларини бозорга кириб келиши анча кечикмоқда. Айни пайтда 2022 йилги ҳосил сабзисининг нархи кетма-кет учинчи ҳафта кўтарилмоқда, бу даврда улгуржи нархлар 1,5 баробар ошди ва рекорд даражага етди, дея хабар берди EastFruit.

Маълумотларга кўра, 2022 йил баҳорида Ўзбекистон пойтахтидаги улгуржи бозорларда янги ҳосил («ёш») сабзисининг биринчи йирик партиялари март ойининг 20 саналарида, 2021 йилда эса ушбу маҳсулотнинг илк улгуржи партиялари тахминан март ойи ўрталаридан бошлаб бозорга чиққан эди.

EastFruit’нинг нархлар мониторингига кўра, 2023 йил 17 мартдан 7 апрелга қадар Ўзбекистонда 2022 йилги ҳосил сабзисининг ўртача улгуржи нархи 1 кило учун 4000 дан 6000 сўмгача, яъни уч ҳафтада роппа-роса 50 фоизга ошган.

2023 йил 7 апрел ҳолатига кўра, ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи 2022–2021 йилларнинг апрел-май ойларида қайд этилган максимал даражадан 20 фоиз юқори бўлган. Сўнгги бир неча йил ичида 2022 йилги ҳосил сабзисининг улгуржи нархларидаги аввалги мутлақ рекорд 2021 йил июнь ойининг биринчи ўн кунлиги охирида қайд этилган бўлиб, ўшанда ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи 1 кило учун 5200 сўмни ташкил этган. Бироқ 2021 йил апрел ойида Ўзбекистонда сабзи нархи кескин ошиши ва шу йилнинг май-июн ойларида рекорд даражада бўлишига асосий сабаб ушбу сабзавотнинг асосий экспорт йўналиши бўлган Россия бозорида мазкур маҳсулот нархларининг аномал динамикаси бўлди.

Аммо 2021 йилдан фарқли ўлароқ, 2023 йил март ойининг иккинчи ярми ва апрел ойининг биринчи ўн кунлигида Ўзбекистонда 2022 йилги ҳосил сабзиси нархининг кескин ошишига ташқи бозорлар омили асосий сабаб эмас. Дастлабки статистик маълумотларга кўра, 2023 йил март ойи ўрталаридан апрел ойининг биринчи ўн кунлиги охиригача Ўзбекистондан сархил сабзи экспорти ҳажми 3,3 минг тоннани ташкил этган бўлса, ўтган йилнинг шу даврида мамлакатдан 2,6 баробар кўп, 2021 йилнинг шу даврида эса деярли 3 баробар кўп сабзи экспорт қилинган.

Шундай қилиб, сўнгги бир неча ҳафта ичида нархларнинг бундай ўсишига ташқи бозорлар таъсири асосий омил бўлмади ва бундай динамика, асосан, ички бозордаги талаб ва таклиф нисбати билан шаклланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: