16:45 | 03.06.24

                       

Ўзбекистонда уч ойда боғча ва мактабларга 13 триллион сўмдан ортиқ пул ажратилди

Ўзбекистонда уч ойда боғча ва мактабларга давлат бюджетидан 13 триллион сўмдан ортиқ пул ажратилди. Мактаб харажатлари ўтган йилгига нисбатан қарийб 2 триллион сўмга кўп.

Ўзбекистон бюджетидан 2024 йилнинг январь–март ойларида давлатга қарашли боғчаларга 3 триллион сўм, мактабларга 10,4 триллион сўм, олий таълим муассасаларига 1,6 триллион сўм ажратилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумот берди.

Таъкидланишича, 2024 йилнинг дастлабки уч ойида давлат бюджетидан ижтимоий соҳа харажатларининг асосий қисми — 16 триллион сўмини (47,2 фоиз) таълим тизими муассасаларини сақлаш ва ривожлантириш харажатлари ташкил этган. Бу маблағ 2023 йилнинг мос давридан қарийб 3 триллион сўмга кўп.

Боғчалар харажатлари 

Ҳозирда Ўзбекистонда 26 минг 315 та нодавлат, 6 минг 780 та давлат боғчалари мавжуд бўлиб, уларда 2 миллион 267 минг нафар болалар тарбияланмоқда (жами қамров 74,3 фоиз).

2024 йил I чорагида давлат бюджетидан мактабгача таълим тизимига жами 3 триллион 19 миллиард сўм (2023 йил мос давридагидан 474,8 миллиард сўм кўп) маблағ ажратилди. Бунда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари учун 1 триллион 263 миллиард сўмни, ягона ижтимоий тўловлари учун 314,5 миллиард сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган боғчаларга бюджет субсидиялари учун 751 миллиард сўм, озиқ-овқат харажатларига 450,2 миллиард сўм, бошқа харажатлар учун 241,1 миллиард сўм йўналтирилган.

Мактаб ва ўрта махсус таълим харажатлари

Умумтаълим соҳасига январь–март ойларида 10,4 триллион сўм (2023 йил мос давридагидан 1,8 триллион сўм кўп) маблағ ажратилди.

Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар учун 7,6 триллион сўм, ягона ижтимоий тўлов харажатларига 1,9 триллион сўм маблағлар йўналтирилган. Ўз навбатида соҳага ажратилаётган маблағларнинг йилдан йилга ўсиб боришига ўқитувчиларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларининг ошириб борилиши ҳам ўз таъсирини кўрсатган. 2024 йилнинг 1-чорагида кадрлар тайёрлаш соҳасига жами 2,6 триллион сўм ёки 2023 йилнинг мос даври билан таққослаганда 648,7 миллиард сўмга кўп маблағ йўналтирилди. Ушбу маблағларнинг 1,4 триллион сўми иш ҳақи ва иш ҳақига ажратмалар учун сарфланган.

Қайд этилишича, кадрлар тайёрлаш бўйича амалга оширилган харажатларнинг 730,3 миллиард сўм қисми (28,3 фоиз) ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларини сақлаш ҳамда ушбу йўналишларда таълим олувчиларга қулай шароитлар яратилишини таъминлаш учун сарфланган.

Ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари, иш ҳақига ажратмалар учун 616,3 миллиард сўм ҳамда бошқа харажатлар (IV гуруҳ харажатлари) учун 114 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Олий таълим харажатлари

Январь–март ойларида мамлакатдаги олий таълим муассасаларини сақлаш, малака ошириш тадбирларини ташкил этиш ва бошқа харажатлар учун 1,6 триллион сўм харажатлар амалга оширилган.

Биринчи чоракда Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 515,8 миллиард сўм миқдорида 47 минг нафар талабага ажратилган имтиёзли таълим кредитлари молиялаштирилиб берилган.

Ҳисобот даврида ётоқхона билан таъминланмаган ва ижарада яшайдиган 57 минг 600 нафар талабага 132,1 миллиард сўм миқдорида компенсация маблағлари тўлаб берилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: