17:01 | 27.08.24

                       

Ўзбекистонлик футболчи оғир касалликдан вафот этди

Ўзбекистонлик футболчи оғир касалликдан вафот этди

Самарқанднинг «Динамо» клуби ҳамда «Андижон», «Сурхон» клублари собиқ футболчиси Сайриддин Ғаффоров оғир касаллик оқибатида жорий йилнинг 25 август куни 34 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «Динамо» клуби матбуот хизмати хабар берди.

У футболчилик фаолияти давомида жароҳат олиб, даволаб бўлмайдиган касалликка чалинган. Соғлиғини хавф остига қўйиб бўлсада, футболчи Тожикистон ва Ўзбекистоннинг турли клубларида ўйнашда давом этади. Сайриддин Тожикистонда икки марта жарроҳлик амалиётини ўтказган. Учинчи амалиёт Тошкентда ўтказилган.

Маълум қилинишича, тахминан бир йил олдин футболчи икки қўлида, кейин оёқларида вазн ва куч йўқотишни бошлаган. Кейинчалик у гапириш қобилиятини ҳам йўқотди. Шифокорлар унда латерал амиотрофик склероз борлигини аниқлаган.

Маълумот учун, Сайриддин Ғаффоров 1990 йилнинг 29 августида Сурхондарё вилоятиниг Сариосиё туманида таваллуд топган. Дастлаб «Шўрчи» жамоасида тўп суришни бошлаган. Сўнгра 2008 ва 2010 йиллар мобайнида «Шўртан» шарафини ҳимоя қилди. Шунингдек, Самарқанднинг «Динамо»сида ҳам фаолият кўрсатди. Футболчи 2015 йилда «Андижон» сафида ҳам тўп сурган. Кейинчалик «Норин» ҳамда «Сурхон»да ҳам ўйнаган. Шу билан бирга Тожикистон клубларида ҳам тўп сурган.