17:57 | 06.02.24

                       

Поп, Мўйноқ ва Бектемирда пора эвазига «права» олиб бермоқчи бўлганлар қўлга олинди

Попда 5,3 млн сўм, Мўйноқда 25 млн сўм, Бектемирда 1700 доллар. ДХХ ва Прокуратура департаменти пора эвазига «права» олиб бермоқчи бўлганларни ушлади.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Поп тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда департамент ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Поп туман бўлими бош мутахассиси Б.Н. фуқаро И.С.га тракторчи-машинист гувоҳномасини ўқимасдан олиб бериши эвазига 5,3 млн сўмни олган вақтида ашёвий далилар билан ушланган.

Шу каби, Департаментнинг Мўйноқ туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Фуқаро Б.К. 4 нафар фуқарога 2000 АҚШ доллари эвазига юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун бўлиб ўтадиган имтиҳондан ўтказиб қўйишини айтган. У 24,7 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Бектемир туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса, фуқаро О.Ф. фуқаро А.А.га юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериши эвазига 1 700 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Қорақалпоғистонда 3 нафар фуқарога «права» олиб беришни ваъда қилган аёл ушланганди. Бундан ташқари, Жиззах вилоятида фуқарога ўқув-машғулотларига қатнашмасидан «права» олиб бермоқчи бўлган шахс ушлангани хабар қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: