14:55 | 29.02.24

                       

Президент Амударё устидан қурилган янги кўприкни очиб берди

Президент Амударё устидан қурилган янги кўприкни очиб берди. Кўприкнинг узунлиги 423 метр. У билан бирга Шовот—Қораўзак бекатларини боғлайдиган 85 километрлик темирйўл ҳамда 3 та вокзал ҳам қурилди.

Шавкат Мирзиёев 29 феврал куни Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманига бориб, янги кўприкнинг очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент дастлаб поездда ва автомобилда юриб, кўприк сифатини кўздан кечирди. Жамоатчилик иштирокидаги йиғилишда бу лойиҳанинг самарадорлиги, аҳоли ҳаётидаги аҳамиятини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Оролбўйи минтақасини, хусусан, Қорақалпоғистон Республикасини ривожлантириш, аввало, экологик инқироз оқибатларини юмшатиб, мураккаб вазиятда яшаётган аҳолимизга қулай шароитлар яратиш мамлакатимиз тараққиёт стратегиясининг бош мақсадларидан биридир. Илгари ҳам айтганимдек, Қорақалпоғистоннинг тақдири бу — Ўзбекистоннинг тақдири, қорақалпоқ халқининг бахти ва фаровонлиги бу — бутун Ўзбекистон халқининг бахти ва фаровонлигидир. Бугун мана шу эзгу мақсадни амалга ошириш йўлида яна бир улкан қадам қўймоқдамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Кўприк қурилган жой Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудларидан бири. Шу пайтгача одамлар ўтган асрнинг эллигинчи йилларида олиб келинган эски понтон кўприкдан фойдаланиб келар эди. Ҳар баҳорда муз эриб, дарёда сув кўпайиши билан у жиддий шикастланарди. Бу дарёнинг икки томонидаги аҳолига жуда кўп қийинчиликлар туғдирарди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Масалан, Амударё тумани аҳолиси автомобилда Нукусга бориш учун Урганч ва Беруний орқали юришга мажбур эди. Бунинг учун қўшимча 180 километр йўл юришга тўғри келарди. Поездда эса Хоразмнинг шарқ томонидаги Хазорасп кўпригидан ўтиб келинарди.

Янги кўприк туфайли бу қийинчиликлар барҳам топади, халқнинг узоғи яқин бўлади. У орқали Қорақалпоғистон билан Хоразмни боғлайдиган энг яқин автомобиль ва темирйўл қатнови йўлга қўйилади.

Кўприкнинг узунлиги 423 метр. У билан бирга Шовот—Қораўзак бекатларини боғлайдиган 85 километрлик темирйўл ҳамда 3 та вокзал ҳам қурилди.

Кўприк икки тарафга қараб 24 жуфт поездни ўтказиш имкониятига эга бўлиб, бу орқали темирйўл масофаси 180 километрга, юк ташиш тезлиги эса 6 соатгача қисқаради. Бу эса маҳаллий юкларни ташиш ҳажмини йилига 2 баробарга ошириш, ташиш таннархини 2 баробарга камайтириш имконини беради. Ушбу темирйўл орқали Қозоғистон ва Россияга ҳам янги йўналишлар очилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, Қораўзак конларидан тош энди поездларда ташилиши ҳисобига Оробўйи минтақасидаги 4 миллион аҳоли ва туристларга хизмат кўрсатувчи автомобил йўллари сифатли сақланади. Бундан ҳам аҳоли, ҳам тадбиркор ва туристлар катта манфаат топади.

«Биз биргаликда бунёд этган бу муҳташам кўприк шунчаки навбатдаги инфратузилма иншооти эмас. Бу кўприк, аввало, ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги мустаҳкам ишонч ва дўстлик, оғзибирлик ва ҳамкорлик кўпригидир. Бу йўл жаҳонга очилаётган Янги Ўзбекистон, Янги Қорақалпоғистоннинг тараққиёт ва фаровонлик йўлларидир. Мана шу азим дарёнинг икки соҳилида, шундай ёруғ кунларни орзу қилиб яшаб келаётган минг-минглаб юртдошларимизнинг умидлари рўёбга чиққан тарихий кун барчамизга муборак бўлсин», — деди президент.

Давлат раҳбари оғир иқлим шароитида меҳнат қилган қурувчиларга, лойиҳачи ва муҳандисларга, кўприкни барпо этишга муносиб ҳисса қўшган барча инсонларга миннатдорлик билдирди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: