18:13 | 28.05.24

                       

Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи хронологияси

Тошкент халқаро аэропортида Россия Президентини давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин 26 май куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Тошкент халқаро аэропортида Россия Президентини давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Янги Ўзбекистон боғига ташриф

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Тошкент шаҳрига келгач, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида «Янги Ўзбекистон» боғига ташриф буюрди.

Анъанага кўра, Россия раҳбари Мустақиллик монументига гулчамбар қўйди.

Расмий кутиб олиш

27 май куни Кўксарой қароргоҳида мамлакатимизга давлат ташрифини амалга ошираётган Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Қароргоҳ олдидаги майдонда икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди.

Тор доирадаги учрашув

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Ташриф давомида Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путинга Янги Тошкент кўчаларидан бири «Санкт-Петербург» деб номланишини айтди. Бунга «Ажойиб! У энг гўзал кўча бўлади», деб жавоб берди Россия президенти.

Шунингдек, энергетика, металлургия, нефть-кимё, машинасозлик, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, логистика, фармацевтика, сунъий интеллект ва бошқа кўплаб йўналишларда 20 миллиард доллардан ортиқ қийматда янги саноат кооперацияси лойиҳалари тайёрланди. Россиянинг Ўзбекистонга газ ва нефт етказишни кўпайтириши ва Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станцияси қурилиши бўйича битимлар ҳам имзоланди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ўсиб бораётган суръати қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ва Россиядан инвестициялар ҳажми кўпаймоқда, саноат кооперацияси ривожланмоқда. Қўшма лойиҳалар портфели 45 миллиард долларни ташкил этди.

 

Музокаралар расмий делегациялар иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди

Музокараларда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровлик стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари батафсил муҳокама қилинди.

Ўтказилган музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Қўшма баёнот имзоладилар.

Ўзбекистонда Бауман номидаги Москва техника университети ва Бутунроссия ташқи савдо академияси филиалларини очиш бўйича келишувга эришилди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот

Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар.

Президентлар, фахрий меҳмонлар хиёбонига ташриф буюрдилар

Бу ерда давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Россия халқларининг дўстлиги, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганининг рамзи сифатида биргаликда дарахт экдилар.

«Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасига ташриф

Кўп миллатли халқларимиз кўп асрлик умумий тарихимиз ва унинг ёрқин саҳифалари, жумладан, Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабани алоҳида ҳурмат-эътибор билан ёд этадилар.

Ҳудудлар кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди

Таъкидлаш жоизки, бу платформа олти йил аввал икки давлат раҳбарлари томонидан ишга туширилган бўлиб, қўшма Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми шаклида фаолият юритган. Олий даражадаги музокаралар давомида товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 30 миллиард долларга етказиш ва келаси йили 10 миллиард доллар инвестиция ўзлаштириш бўйича янги мақсадлар белгилаб олингани мамнуният билан қайд этилди. Музокаралар якунида Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни ўзи учун қулай вақтда Россия Федерациясига ташриф буюришни таклиф қилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: