19:01 | 27.05.24

                       

Россия Ўзбекистонга газ ва нефт етказиб беришни кўпайтиради

Россия Ўзбекистонга газ ва нефт етказиб беришни кўпайтиради. Шунингдек, Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станцияси қурилади.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Тошкентдаги музокараларни расмий делегациялар иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттиргани ҳақида хабар берилган эди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугунги саммитга энергетика, металлургия, нефть-кимё, машинасозлик, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, логистика, фармацевтика, сунъий интеллект ва бошқа кўплаб йўналишларда 20 миллиард доллардан ортиқ қийматда янги саноат кооперацияси лойиҳалари тайёрланди.

Бу каби лойиҳаларни илгари суриш учун қўшма Инвестиция платформаси ишга туширилади.

Энергетика соҳасида газ ташиш тизимини модернизация қилиш, газ, нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини ошириш, углеводородларни қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Бундан ташқари, ташриф доирасида Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланади.

Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳам жадал ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Ўтган ҳафта Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари раҳбарлари ташриф билан Россияда бўлдилар. Бугун давлат раҳбарлари раислигида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтади. Озиқ-овқат хавфсизлиги, инновациялар, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, миграция каби қатор муҳим йўналишлар ҳам кўриб чиқилди.

Маданият ва санъат, фан, соғлиқни сақлаш, туризм, ёшлар ва спорт соҳаларида фаол алмашинувлар давом эттирилади. Томонлар Ўзбекистонда Бауман номидаги Москва техника университети ва Бутунроссия ташқи савдо академияси филиалларини очиш бўйича келишувлар эришилганини олқишладилар. Учрашув чоғида делегация аъзоларининг қисқа ҳисоботлари, турли соҳаларда амалий ҳамкорлик бўйича аниқ таклифлари тингланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: