17:41 | 27.05.24

                       

Россияда Ўзбекистоннинг тўлақонли савдо ваколатхонаси ташкил этилади

Россияда Ўзбекистоннинг тўлақонли савдо ваколатхонаси ташкил этилади. Учрашувда 20 млрд доллардан ортиқ қийматда янги саноат кооперацияси лойиҳалари тайёрланди.

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин музокараларни расмий делегациялар иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Музокараларда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровлик стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари батафсил муҳокама қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги юксак даражаси ва ўзига хослиги, давлатлараро ҳамкорликнинг барча соҳа ва йўналишларини қамраб олганлиги мамнуният билан таъкидланди.

«Сизнинг давлат ташрифингизни ҳақли равишда тарихий деб аташ мумкин. Бу ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларида янги босқични бошлаб бермоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Музокаралар давомида томонлар парламентлар, ҳукуматлар, вазирликлар, идоралар, ҳудудлар, жамоатчилик, экспертлар ва ишбилармон доиралар даражасидаги фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар. Бу мақсадда Бош вазирлар даражасидаги Қўшма комиссия ва Ҳукуматлараро комиссиянинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланилади, уларнинг навбатдаги йиғилишлари шу йил охиригача ўтказилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, мунтазам сиёсий маслаҳатлашувларни, БМТ, МДҲ, ШҲТ каби халқаро ва минтақавий тузилмалар ҳамда бошқа кўп томонлама платформалар доирасида яқин ҳамкорликни давом эттириш зарурлиги таъкидланди. Ўзаро савдо айланмасининг барқарор суръати мамнуният билан таъкидланди. Сўнгги 7 йилда у 2,5 баробар ошди. Томонлар янги мақсадли кўрсаткичга – яқин истиқболда савдо ҳажмини 30 миллиард долларга етказишга келишиб олдилар.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ушбу вазифани амалга оширишга кўмаклашиш учун Россияда Ўзбекистоннинг тўлақонли савдо ваколатхонаси ташкил этилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Музокаралар якунида давлат раҳбарлари ҳар бир йўналиш бўйича амалга ошириш механизмлари назарда тутилган «йўл хариталари»ни қабул қилишга топшириқ бердилар.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: