11:53 | 01.03.24

                       

Қайси меҳмонхоналар сайёҳларни кўпроқ жалб қилиши маълум бўлди

Тошкентда ҳар йили ўтказиладиган халқаро Hotel Business Forum 2024 бўлиб ўтмоқда. Унда Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси иқтисодий ҳамкорлик бўлими раҳбари Майкл Виммер сайёҳлар учун қандай меҳмонхоналар қуриш яхшироқ экани ҳақида маълумт берди.

2024 йил 29 февраль куни Тошкентда ҳар йили ўтказиладиган халқаро Hotel Business Forum 2024 бўлиб ўтмоқда бошланди, деб хабар беради «Bugun.uz» мухбири.

Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси иқтисодий ҳамкорлик бўлими раҳбари Майкл Виммер «Bugun.uz» нашрига сайёҳлар учун қандай меҳмонхоналар қуриш яхшироқ эканини айтиб ўтди.

«Кўп сонли меҳмонхоналар қурилаётганини, туризмнинг янги шакллари йўлга қўйилаётганини кўряпмиз. Энг муҳими, масалан, немис сайёҳлари уч ва тўрт юлдузли меҳмонхоналарни танлашади. Кичик меҳмонхоналарда одамлар ўзларини уйда ҳис қилишни хоҳлашади. Бундай меҳмонхоналар сифат жиҳатидан Европаникидан ҳеч қандай кам эмас», — деди у.

2024 йил 1 март ҳолатига кўра, республика бўйича 292 та жойлаштириш объекти, 3916 та меҳмон уйи ва ҳостел, 1010 та меҳмонхона, 57 951 та хона мавжуд.

Форум доирасида, шунингдек, интерактив B2B ва G2B учрашувлари, ихтисослаштирилган семинарлар, HoReCa сегменти учун маҳсулот ва хизматлар кўргазмаси бўлиб ўтади. 1 март куни III Миллий меҳмондўстлик мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтади, унда соҳа бўйича 30 та номинация тақдим этилади.

Тадбир Ўзбекистон меҳмонхона хўжаликлари уюшмаси томонидан Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси расмий кўмагида ташкил этилди.

Форумда Швейцария, Германия, Озарбайжон, Россия, Грузия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлардан меҳмонхона бизнеси, туризм ва унга алоқадор соҳалар бўйича етакчи мутахассислар иштирок этмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: