8:35 | 03.01.23

                       

Қашқадарёда онлайн авиачипта олиб бериш эвазига фуқароларни чув туширган эркак ушланди

Қашқадарё вилояти Касби туманида яшовчи эркак турли ижтимоий тармоқларда «Онлайн авиачипта» сарлавҳаси остида сохта эълонлар жойлаштириб, фуқароларнинг пулларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб келгани аниқланди

Қашқадарё вилоятида Касб туманида одамларни Россияга жўнатиш учун фирибгарлик йўли билан пул ундирган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Ё.М. ариза билан мурожаат қилиб, унинг ўғли Россияга мавсумий ишчи бўлиб кетмоқчи экани, аммо Telegram мессенжерида номаълум шахс унга онлайн авиачипта олиб беришига ишонтириб, 3,5 миллион сўм пулларини банк картасига ўтказиб олганидан сўнг номаълум тарзда ғойиб бўлганини билдирган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида фирибгарлик йўли билан пулларни ўзлаштирган шахс Қашқадарё вилояти Касби туманида яшовчи 1997 йилда туғилган Ш.А. экани аниқланган. Ш.А. турли ижтимоий тармоқларда онлайн авиачипта сарлавҳаси остида сохта эълонлар жойлаштириб, фирибгарлик йўли билан фуқароларнинг пулларини ўзлаштиргани маълум бўлди.

Ш.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда кенг тарқалган онлайн фирибгарлик схемалари маълум бўлгани ва мамлакатда фирибгарлик ёки ўғрилик учун озодликдан маҳрум қилиш муддати узайтирилгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: