17:44 | 26.12.22

                       

Қозоғистон санкцияларни четлаб ўтишда Россияга ёрдам бермайди

Мамлакат санкциялар қўлланилган товарларни назорат қилиш учун бор имкониятини ишга солади

Қозоғистон Россияга АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари томонидан жорий этилган санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бермайди. Бу ҳақда мамлакат Президенти администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Темур Сулайманов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон учун европалик шерикларга санкцияларни четлаб ўтишда Россия воситаси бўлиб қолмаслигини кўрсатиб бериш муҳим. «Биз санкцияларга риоя қиламиз. Россия, Беларусь ва бошқа давлатлар билан иқтисодий иттифоқда бўлсак-да, биз халқаро ҳамжамиятнинг бир қисми ҳам ҳисобланамиз. Шу сабабли Қозоғистонга нисбатан АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан иккиламчи санкцияларнинг қўлланилишини истамаймиз», — деган Сулайманов.

Шу билан бирга, амалдорнинг айтишича, Қозоғистон Россия билан савдони, инвестиция киритиш ва улардан жалб қилишни давом эттиради. Ҳукумат эса санкциялар қўлланилган товарларни назорат қилиш учун бор имкониятини ишга солади.

«Санкцияга учраган шахслар ёки ташкилотлар Қозоғистонга ҳар қандай инвестиция киритишини назорат қилиш учун бор имкониятни ишга соламиз ва биз буни европаликларга очиқ етиб боришини хоҳлаймиз. Бизда тизим бор ва бу тизим, афсуски узоқ вақт қолади», — дейди сиёсатчи.

Аввалроқ Евроиттифоқ Россияга қарши саккизинчи санкциялар пакетини тасдиқлагани, шунингдек, ЕИ Россияга дрон сотгани учун Эронга янги санкциялар қўллагани ҳамда Европа Иттифоқи Туркияга ҳам санкция қўллаши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: