18:33 | 05.01.24

                       

Самарқанд вилоятида фермер Ойбек Тувалов 12 суткага қамалди

У «Пайариқ кластер» биноси олдида жанжал уюштиришни режалаштирган, Telegram гуруҳида «портловчи модда кераклигини» ёзиб қолдирган.

Bugun.uz маълумотларига кўра, Самарқанд вилояти Пайариқ туманида яшовчи «Мухаммад Ойбек даласи» (58,1 гектар ер майдонига эга) фермер хўжалиги раиси Ойбек Туваловга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

54 ёшли фермер Ойбек Тувалов Telegram’даги «Пайариқ тумани фермерлари» номли гуруҳда туманда фаолият олиб бораётган кластерлар 2023 йил пахта ҳосили пулларини шартномада белгиланган муддатда бермаётганлигидан норозилигини билдирган. Ушбу норозилиги оқибатида ўзи ва тумандаги бошка фермер хўжаликлари раисларини ва ушбу фермер хўжаликларидаги ишчиларни 30-31 декабр кунлари Пайариқ тумани Челак шахрида жойлашган «Пайариқ кластер» биноси олдида тўпланиб жанжал уюштириш кераклигини айтиб, мазкур гуруҳ аъзоларига даъват қилиб келаётгани аниқланган.

Бундан ташқари, фермер ушбу гуруда «Бизга панқиллоқ булмайди, бизга кластерга кўллашимиз учун жуда кучли портловчи модда керак» хамда «Айниқса Пайариқ ‘Янгиер кластер’ бошлиқлари алмашиб фермерларга жуда куп ташвиш келтиряпти, фермерлар улардан кучли норози. Жанг бўлиши кутиляпти» каби постларни жойлаштириб келгани учун, унинг ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатлари Пайариқ тумани ИИБ томонидан расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар ЖИБ Пайариқ тумани судига юборилган.

Юқоридаги ҳолатларни инобатга олиб Ойбек Туваловга нисбатан жорий йилнинг 4 январ куни ЖИБ Пайариқ тумани суди томонидан МЖтКнинг 201-моддаси 1-қисми билан ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбли деб топилиб, 12 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: