11:30 | 16.11.23

                       

Самарқандда Экология вазири раислигида чўлланишга қарши кураш юзасидан ялпи мажлис бўлиб ўтди

Bugun.uz мухбири Ҳиндистон ва Ирландиядан келган тадбир иштирокчиларига саволлар билан юзланди.

Кеча, 15 ноябр куни БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси (CRIC-21 UNCCD) ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси доирасида «Silk Road Samarkand» конгресс залида Экология вазири Азиз Абдуҳакимов раислигида ялпи мажлис бўлиб ўтди.

Bugun.uz мухбири тадбирда иштирок этган иштирокчиларга бир нечта саволлар билан юзланди. Шулардан бири Ирландиядан ташриф буюрган Ричард Байрон Кокс бўлди. Мухбирнинг саволларига жавоб берар экан, у бутун дунё иқлим ўзгаришидан азият чекаётганини айтиб ўтган.

Фото: Ричард Байрон Кокс 

«Мамлакатим турли хил кичкина ороллардан таркиб топган ва кўпчилик сингари биз ҳам иқлимнинг кескин ўзгаришидан азият чекяпмиз. Тўфонлар, асосан тайфундан қийналамиз. Улар кўп маротаба бўлади ва бошланса, кучли тасир қилади ва узоқ давом этади. Иккинчиси бу қурғоқчилик, у ҳам жуда кўп содир бўлади. Бошқалариям бор, лекин шулар дуч келадиган асосий муаммолардир» деган ирландиялик иштирокчи.

Шунингдек у, хоҳ АҚШ бўлсин, хоҳ Ўзбекистон бўлсин, деярли бутун ер юзи сув муаммосига учраётганини айтган. Африка давлатларининг эса бу муаммода етакчиликда турганини сўзлаган.

«Қўшма Штатлар бўлсин, Ўзбекистон бўлсин фарқи йўқ. Умумий олганда, деярли барча давлатлардаги асосий нарса сув бўлиб, агар давлатлар бу бўйича илмий изланишларни яхшилашмаса, муаммо кучаяверади. Давлатлар аҳолиси буни тушуниши ва берилган инъомларни ишлатишда етарли билим, тушунчаларга эга бўлиши керак» дея қўшимча қилган.

Мухбир шу билан бирга Ҳиндистон номидан йиғилишда қатнашган иштирокчига ҳам микрофон тутди.

«Агар глобал дунё манзарасига қарайдиган бўлсак, Ҳиндистон ҳам чўлланиш, қурғоқчиликдан азият чекмоқда. Шу йил сентябр ойида Ҳиндистонда бўлиб ўтган G20 саммитида биз иккита ер чўлланиши масаласини кўргандик. Биз буларни бартараф этиш учун режа ва мақсадларимиз устида ишлаяпмиз» дея жавоб қайтарган у.

Иштирокчи ўз сўзининг сўнггида сув муаммоларини ечишда «йўл харитаси» тузиш лозимлигини эслатиб ўтган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: