8:00 | 05.09.24

                       

Самарқандда эркак «дом»га бассейн қуриб олгани аниқланди

Самарқандда эркак «дом»га бассейн қуриб олгани аниқланди. Аҳоли шикоятидан сўнг, фуқаро жаримага тортилди (фото).

Самарқандда кўп қаватли уйнинг пентҳаус қисмида ўзбошимчалик билан бассейн қурилганлиги аниқланди. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, аҳоли мурожаатига асосан ўтказилган рейд тадбирлари давомида Самарқанд шаҳри “Суғдиёна” маҳалласидаги 67-А сонли кўп қаватли уйнинг 10-қавати — пентҳаус қисмида ўзбошимчалик билан бассейн қурилганлиги аниқланди.

Қайд этилишича, ушбу қурилма кўп қаватли уйнинг лойиҳасида назарда тутилмаган бўлиб, сейсмик ҳодиса вақтида бинонинг тебранишини кучайтириб, уйнинг мустаҳкамлигига зарар етказиши мумкин.

Инспекция ходимлари томонидан мулкдорга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди ва ноқонуний қурилмани бартараф этиш юзасидан мажбурий кўрсатмалар берилди.

«Берилган вақт ичида мулкдор ҳолатни ўз ихтиёри билан бартараф қилиб, олдинги ҳолатига қайтармаса, унга нисбатан тегишли тартибда бартараф этиш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга даво аризаси киритилиши тушунтирилди», дейилади хабарда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: