16:01 | 15.09.22

                       

Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенко билан учрашди

Товар айирбошлаш ўтган йилда 44 фоизга ўсгани қайд этилди

Шавкат Мирзиёев 15 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун мамлакатга келган Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан учрашув ўтказди.

Учрашув аввалида Александр Лукашенко Шавкат Мирзиёевга таклиф учун ташаккур изҳор этди ҳамда Беларусь Республикасини ушбу нуфузли халқаро тузилмага қабул қилиш тартиботини бошлаш масаласини қўллаб-қувватлагани учун самимий миннатдорлик билдирди.

Икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар, кўп қиррали амалий шерикликни изчил кенгайтириш, халқаро ва минтақавий сиёсат юзасидан фикр алмашилди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Беларусь муносабатлари дўстлик ва шериклик руҳида муваффақиятли ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик фаоллашган. Товар айирбошлаш ўтган йилда 44 фоизга, жорий йилнинг етти ойида эса яна 12 фоизга ошди.

Томонлар икки мамлакатда савдо уйлари ва логистика марказлари тармоғини кенгайтириш, Александр Лукашенко билан учрашш, товарларнинг келиб чиқишини сертификатлаштириш бўйича электрон тизимни жорий қилишга келишиб олдилар.

Ўзбекистон ва Беларусь етакчилари машинасозлик, агросаноат, кимё, фармацевтика ва электротехника тармоқларида саноат кооперацияси бўйича ўзиро манфаатли шерикликни илгари суриш зарурлигини қайд этдилар.

Мамлакатларимиз ҳудудларининг салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда иккинчи Ҳудудлараро форумни ўтказишни таклиф этди.

Томонлар маданий-гуманитар йўналишда, биринчи навбатда таълим ва кинематография соҳаларидаги ҳамкорлик фаол ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев олий даражадаги келишувлар ижросининг боришини кўриб чиққанди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Эрон ўртасида 18 та ҳужжат имзоланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: