19:21 | 29.04.24

                       

Татаристонда ҳужжатсиз яшаган аёл мамлакатдан чиқариб юборилди

Татаристонда 20 йил аввал паспорти ёниб кетгани учун ҳужжатсиз яшаган аёл мамлакатдан чиқариб юборилди. Аёл ва унинг 6 фарзанди мамлакатга қайтарилиши учун судга ариза берилган.

Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили номига 9 апрель куни Россия Федерацияси Татаристон Болалар омбудсманининг мурожаати келиб тушди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани ахборот хизмати хабар берди.

Мурожаатда Ўзбекистон фуқароси Н.Қ 20 йил аввал доимий яшаш учун РФнинг Қозон шаҳрига келганлиги, ёнғин оқибатида унинг фуқаролик паспорти ёниб кетганлигини айтган. Аёл РФда ҳеч қандай ҳужжатларсиз яшаганлиги, унда бу вақтда 6 нафар фарзанди туғилганлигини билдирган. Қозон шаҳри туман судининг қарорига кўра, у фарзандлари билан шу йилнинг 5 март куни РФдан мажбуран чиқариб юборилган.

Шу билан бирга, Татаристон Болалар омбудсмани ҳозирда Н.Қ. 6 нафар фарзанди билан Тошкент шаҳрида бошпанасиз ва пулсиз оғир аҳволда эканлигини ва бу оила ижтимоий ҳамда бошқа турдаги ёрдамга муҳтожлигини билдирган.

Болалар омбудсмани хорижий сўровда баён этилган ҳолатни атрофлича ўрганиб, вазият юзасидан зарурий чоралар кўрилиши учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ва ИИВга сўров юборди. Шундан сўнг, агентлик томонидан Н.Қ. ва унинг 6 нафар фарзандига қатор муаммоли масалаларда манзилли кўмак кўрсатилди. 26 апрель куни оила вақтинча бошпана уй-жойга жойлаштирилди.

Шунингдек, ИИВ томонидан 24 апрель куни Н.Қ. га ва унинг фарзанди И.Қ.га шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар расмийлаштириб берилди.

«Н.Қ. фарзандлари билан Татаристонга тез кунда қайтиш ва фарзандлари у ерда ўз таълимини давом эттириши истагида эканлигидан келиб чиқиб, ҳозирда унинг барча фарзандларига (2009 йилда туғилган Л.Қ., 2011 йилда туғилган Р.Қ., 2015 йилда туғилган И.Қ., 2017 йилда туғилган И.К., 2022 йилда туғилган А.Қ.) хорижга чиқиш паспортлари расмийлаштириш жараёнида.

Ўз навбатида, Болалар омбудсмани хорижий ҳамкасби билан Н.Қ. нинг РФ Қозон шаҳри судининг депортацияга оид қарорининг юқори инстанцияда қайта кўрилишида Н.Қ. ва унинг РФда туғилган фарзандларининг қонуний манфаатларини ҳимоялаш юзасидан ҳуқуқий кўмак кўрсатилишига оид музокаралар олиб бормоқда», дейилади хабарда.

Bugun.uz’даги маълумотларга кўра, май ойида суд жараёни бўлиб ўтади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: