17:04 | 22.05.24

                       

Тошкент халқаро аэропортида автомобилларни ижарага олиш нуқтаси очилди

Тошкент халқаро аэропортида автомобилларни ижарага олиш нуқтаси очилди. Машина олиш учун йўловчи Europcar пештахтасига бориб, шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва ҳайдовчилик гувоҳномасини бериши керак.

Тошкент халқаро аэропортида Europcar бренди остидаги автомобилларни ижарага бериш компанияси 20 майдан иш бошлади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар қилди.

Майдони 8 квадрат метр бўлган жой E-auksion.uz электрон платформасида савдога қўйилган эди. Хизмат Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш залидан чиқишда жойлашган.

«Автомобилни ижарага олиш учун пойтахт аэропортига келган йўловчи Europcar пештахтасига бориб, шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва ҳайдовчилик гувоҳномасини тақдим этиши керак. Шундан сўнг, Europcar.com, Expedia.com, EconomyBookings.com онлайн платформаларидан бири орқали автомобилни танлаши, шартнома тузиши ва депозит ёки ижара ҳақини тўлиқ тўлаши лозим. Рўйхатдан ўтиш тугаллангандан сўнг, йўловчига автомобиль калити берилади ва машина олдига кузатиб қўйилади», — дейилади хабарда.

Компания паркида йўловчи маҳаллий ёки хорижий ишлаб чиқарувчи автомобилини, шунингдек, электромобиль ёки бензинда юрадиган автомобилни танлаши мумкин. Қайд этилишича, ишлаб чиқарилган йили тўрт йилдан, юрган масофаси 80 минг километрдан ошмайдиган автомобиллар ижарага берилади. Автомобиль ушбу кўрсаткичлардан бирига етгандан сўнг, машина тизимдан чиқарилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: