14:21 | 05.12.22

                       

Тошкентдаги «заправка»ларда жамоат транспорти учун алоҳида йўлаклар ташкил этилди

Шаҳарда жами 900 га яқин автобус йўналишларга чиқарилган

Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракати узлуксизлигини таъминлаш мақсадида белгиланган автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида жамоат транспорти учун алоҳида йўлаклар ташкил этилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 5 декабрь соат 12:00 ҳолатига шаҳарда жами 900 га яқин автобус йўналишларга чиқарилган.

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг автобус саройи филиалларида автобусларга техник хизмат кўрсатиш тезкорлик билан йўлга қўйилган бўлиб, йўналишларда ҳаракат давомида юзага келган носозликларни тезкорлик билан бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

«Йўлларда юзага келган музламалар натижасида кузатилаётган тирбандликлар жамоат транспортининг ҳаракат тезлигига ҳам таъсир кўрсатмоқда», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Тошкентдаги айрим автобус йўналишларининг қатнов ва оралиқ интервал вақтлари ортиши мумкинлиги айтилганди. Шунингдек, об-ҳаво сабаб Самарқанд аэропорти самолётлар парвози учун вақтинча ёпилган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентдаги газ қуйиш шохобчалари вақтинча ёпилган. Аввалроқ Фарғона водийсидаги газ қуйиш шохобчаларининг иш вақти қисқартирилгани, Ўзбекистонда газдан қарздор иссиқхоналар олти ойгача пеня тўламаслиги тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: