13:40 | 12.03.22

                       

Туркия президенти Россия–Украина урушига муносабат билдирди

Эрдўғон Украинадаги уруш 2014 йилда Ғарбнинг «жимлиги» туфайли бошлангани айтган

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 11 март куни Анталиядаги иккинчи Дипломатик форум очилишида Россия—Украина урушига муносабат билдирди. Бу ҳақда «Anadolu» хабар берди.

Фото: «Haber»

Эрдўғоннинг сўзларига кўра, инсоният ҳали замонамизнинг глобал муаммоларини ҳал қила олмаган. «Уруш, терроризм, очлик, қашшоқлик ва иқлим ўзгариши халқаро ҳамжамиятнинг кун тартибида қолмоқда», — деган Туркия раҳбари. У бугунги кунда халқаро ташкилотларга ишонч минимал даражага тушиб кетганини қайд этган ва 2014 йилдан ҳозиргача Европага етиб олишга уринган 25 минг одам Ўрта ер денгизи сувларида чўкиб кетганини қўшимча қилган.

«Биз 800 миллионга яқин одам оч қолган дунёда яшаяпмиз. Бундай вазиятда барқарорликни таъминлаб бўлмайди», — деган Эрдўғон.

Шунингдек, Туркия давлат раҳбари Қора денгиз минтақасида кескинлик ортиб бораётганига эътибор қаратган.

«Россия ва Украина ўртасидаги олий даражадаги музокаралар Анталияда бошлангани форум кўзланган мақсадга яқинлашаётганини тасдиқлайди. Агар халқаро ҳамжамият ва Ғарб 2014 йилда Қримнинг ноҳақ аннекция қилинишига қарши бирлашган фронт бўлиб ҳаракат қилганида, бугунги манзара бутунлай бошқача бўларди», — деган Эрдўғон.

Туркия президенти Ғарб Украинани адолатли курашда ёлғиз қолдирганини таъкидлаган. Эрдўғон Украинани Туркиянинг дўсти ва қўшниси деб атаб, Анқара минтақадаги агрессив қадамларни қабул қилмаслигини айтган. Унинг фикрича, ҳозирги вазиятда Россия ва Украина ўртасидаги қарама-қаршиликларга «ўт қўйиш» хато.

«Инсоният урушга эмас, тинчликка интилиши керак. Сиз давлатлар ўртасидаги қарама-қаршиликларга гугурт чақа олмайсиз. Бу икки томонга ҳам фойда келтирмайди. Биз ақл-идрок ва келишувга, (Россия ва Украина ўртасида) эрта ўт очишни тўхтатишга умид қиламиз. Туркия минтақада барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшишга тайёр», — деган Туркия раҳбари.

Аввалроқ Байден Путинни Учинчи жаҳон урушидан огоҳлантирганди. Путин эса Украинадаги урушни тўхтатиш шартини айтганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: