12:17 | 04.09.23

                       

Украина мудофаа вазири Алексей Резников истеъфога чиқади

Янги Мудофаа вазири этиб тайинланиши кутилаётган номзод Рустем Умеров Самарқанд вилоятида туғилган.

Истеъфога чиқаётган Алексей Резниковнинг ўрнига Самарқанд вилояти Булунғур шаҳрида туғилган Рустем Умеров Украина мудофаа вазири этиб тайинланиши мумкин. Бу ҳақда кеча, 3 сентябр куни мамлакат президенти Владимир Зеленскийнинг кечки мурожаатида эълон қилинди.

Рустем Умеров
Фото: «Коммерсанть»

Қайд этилишича, давлат раҳбари мудофаа вазири лавозимига айни пайтда Украина Давлат мулки жамғармасига раҳбарлик қилаётган Рустем Умеровни тайинлашни таклиф қилган.

«Мен Украина мудофаа вазирини алмаштиришга қарор қилдим. Алексей Резников 550 кундан ортиқ кенг кўламли урушни бошдан кечирди. Ўйлайманки, вазирликка ҳам ҳарбийлар, ҳам бутун жамият билан ўзаро муносабатларнинг янгича ёндашувлари ва бошқа шакллари зарур. Энди вазирликка Рустем Умеров раҳбарлик қилиши керак. Мен парламентдан бу номзодни қўллаб-қувватлашини кутаман», дейди у.

Маълумот учун, Рустем Умеров асли Қрим-татарлик муҳожир оиласида, Самарқанд вилоятининг Булунғур шаҳрида 1982 йилда туғилган. Унинг оиласи Иккинчи жаҳон уруши вақтида, 1944 йилда Ўзбекистонга кўчирилган. 1980 йиллар охирида эса Қрим татарларини юртига қайтариш кампанияси туфайли Украинага қайтишга муваффақ бўлган. Умеров 2019-2022 йилларда «Голос» партиясидан IX чақириқ Украина халқ депутати сифатида фаолият юритган. 2022 йилдан бошлаб эса Украина Давлат мулки жамғармасини бошқариб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги мудофаа вазири Алексей Резниковни ишдан олиш ҳақидаги қарор 2023 йилнинг январ ойи охирида кун тартибига чиққан эди. Бунга эса вазирликнинг уруш давом этаётган бир пайтда коррупциявий можарога аралашиб қолиши сабаб бўлган.

Алексей Резников

Ўшанда Резниковнинг ўринбосари, Украина Қуролли кучларининг моддий-техника таъминотига масъул бўлган Вячеслав Шаповалов қўшин учун харид қилинган озиқ-овқатларни ўз қийматидан бир неча баробар қиммат нархларда сотиб олганликда айбланганди. Мисол учун, Киевда бир дона тухумнинг ўртача баҳоси 7 гривна бўлса, вазирлик тузган шартномада маҳсулот 17 гривнадан сотиб олинган. Украина армиясини озиқ-овқат билан таъминлашга 2023 йилда жами 13,36 миллиард гривна ёки 362,2 миллион доллар ажратилган.

Шунингдек, Украина Давлат тергов бюроси ҳисоботида Шаповалов 1 миллиард гривна (26,9 миллион доллар) миқдоридаги ҳарбий эҳтиёжлар учун ўқ ўтказмайдиган нимчалар, дубулғалар ва сифатсиз ҳарбий кийимларни сотиб олганликда ҳам гумон қилингани қайд этилади.

Мудофаа вазири Алексей Резников буни «техник хато» деб атаб, маълумотларни бир жадвалдан иккинчисига кўчиришда хатога йўл қўйилган бўлиши мумкинлигини таъкидлаган. Вазирлик айбловларни рад этган бўлса-да, Шаповаловнинг истеъфоси «ишончни мустаҳкамлаш» учун амалга оширилишини маълум қилганди. Жорий йилнинг 21 январ куни ишдан бўшатилган Шаповалов 3 феврал куни ҳибсга олинди ва 60 кунга қамалди. Бундан ташқари, ундан гаров учун қарийб 11 миллион доллар ундирилди.

Коррупция можароси ортидан Украина Қуролли кучлари ва Мудофаа вазирлигида жами 497 нафар манасабдор жаримага тортилди.

Ушбу воқеалар туфайли мудофаа вазири Алексей Резниковни истеъфога чиқариш масаласи илк бор кўрилганди. 5 феврал куни Украина «Халқ хизматкори» партияси фракцияси раҳбари Давид Арахамия Резниковнинг ўрнига Мудофаа вазири сифатида Разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов тайинланиши мумкинлигини айтганди. Аммо 15 феврал куни амалдаги вазир президент қарорига кўра, фаолиятини давом эттириши маълум қилинди.

Резников бир гал адлия вазири сифатида ишлаш истагини билдирган, аммо у стратегик саноат вазири лавозимига ўтишга рози бўлмаган. У, шунингдек, Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси бўлишга ҳам қарши эмас, лекин бундай имконият ҳақиқатан ҳам кўриб чиқилмоқдами ёки йўқ – маълум эмас.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: