10:30 | 16.03.23 1592

Uzum холдинги мамлакат иқтисодиётини рақамлаштириш учун хорижий инвестицияларни жалб қилишни режалаштиряпти

Uzum Яқин Шарқ мамлакатларидан инвестиция жалб қилиш учун қатор фондлари билан музокаралар олиб бормоқда

Uzum холдинг бизнеснинг янги йўналишларини бошлаш, экотизимни ривожлантиришни тезлаштириш ва умуман мамлакат иқтисодиётини рақамлаштириш учун хорижий инвестицияларни жалб қилишни режалаштирмоқда.

Компания берган маълумотга кўра, янги рақамли хизматларнинг ривожланиши Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудларида яшовчи аҳолининг турмуш даражасини оширишга, шунингдек, Uzum экотизимининг доирасида бутун мамлакат бўйлаб тадбиркорлар орасида минглаб иш ўринларини яратишга имконини беради. Холдингнинг ягона платформаси ривожи тадбиркорлик фаолиятининг ўсишига, бизнесга янги мижозларни жалб қилишга, хизматлар географиясини кенгайтириб, ҳужжатлар айланмаси ва бошқа муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради. Масалан, бугунги кунда 1500 дан ортиқ тадбиркор ва компаниялар ўз товарларини Uzum Market маркетплейси орқали сотмоқда, Kapitalbank мижозларининг сони эса аллақачон 43 мингдан ошиб, фаол ўсишда давом этмоқда.

Uzum акциядорлари ҳисобланган ўзбекистонлик тадбиркорлар Равшан ва Мақсуд Абдусамадовлар, Жасур Жумаев, Баҳрам Қодиров, Илёс Матрасулов, Жамол Дадажонов ва Владимир Ян 2023 йил давомида янги бизнес йўналишларини йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

«Хорижий инвесторларнинг маблағларини жалб қилиш нафақат компания лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштиришга, балки мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ҳамда хорижий компаниялар ва фондларнинг эътиборини ўзбекистонлик компанияларга жалб этишга ёрдам беради», дейилади компания хабарида.

Бунинг учун Uzum Яқин Шарқ мамлакатларининг қатор инвестиция фондлари билан музокаралар олиб бормоқда. Айни пайтда Uzum холдингининг бош тузилмасини БААда рўйхатдан ўтказиш якунланмоқда. Бу холдинг учун хорижий фондлар ва компаниялар билан ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам беради.