12:17 | 29.08.24

                       

Вазир 6 мингдан ортиқ ўқитувчилар минг доллардан кўп ойлик олишини айтди

Вазир 6 мингдан ортиқ мактаб ўқитувчилари минг доллардан кўп ойлик олишини айтди. Шунингдек, у қолганларнинг ойлиги қачон минг долларга етиши ҳақидаги саволга жавоб берди.

28 август куни мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова 2022 йил декабрь ойида ушбу лавозимга тайинланганидан кейинги илк матбуот анжуманини ўтказди.

Матбуот анжумани доирасида ўқитувчи-педагогларнинг маоши қачон 1000 АҚШ долларидан ошиши билан боғлиқ савол берилди.

«Ҳамма жойда шу савол берилади. Умуман, ўқитувчиларнинг ойлиги ошиши биз учун ҳам муҳим. Бу бўйича Молия вазирлиги билан доимий ҳамкорликда ишлаяпмиз. Бир нарсани айтиб ўтишимиз керак, бугун 1000 АҚШ долларидан кўп ойлик оладиган устозларимиз бор.

Маълумот учун, бугунги кунда ўқитувчиларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 3,4 млн сўмни ташкил этади. 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 13,3 фоизга ошган.

Шунингдек, олий тоифали, директор жамғармаси ҳисобидан устама олувчи ҳамда халқаро даражада тан олинган сертификатга эга ўқитувчиларнинг иш ҳақи миқдорлари 10 млн сўм.

Вазир жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик устама 5,7 млн сўм, синовлардан шаффоф ўтган ўқитувчиларга бу пул ҳам тўлаб берилади, асосийси, устозлар сонига чегара қўйилмаган.

Шунингдек, олис ҳудудга бориб ишлайдиган ўқитувчиларга 3,7 млн сўмгача, халқаро олимпиада ғолиби бўлган ҳамда бугунги кунда ўқитувчи бўлиб ишлаётганлиги учун 4,1 млн сўмгача устама берилади.

Ҳозирда умумтаълим мактабларининг 1000 АҚШ доллари ва ундан юқори миқдорида иш ҳақи олувчи ўқитувчилари сони 6000 нафардан зиёдни ташкил этади. Йилдан йилга ойликларимиз ва ўз устида ишлайдиган устозларимиз сони кўпаймоқда.

Барча устозларимиз юқори миқдорда ойлик олишларини хоҳлайман. Уларнинг ўз устида ишлаши ва муносиб ютуқларга эришиши учун шароит яратиб беришга, бор имконим билан ёрдам беришга ҳаракат қиламан» – деди вазир Ҳилола Умарова.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: