11:31 | 31.10.22

                       

Янги Зеландия Россияга қарши санкциялар рўйхатини кенгайтирди

Чекловлар Қримда жойлашган ОАВлардан бирига ҳам киритилган

Янги Зеландия Россияга қарши санкциялар рўйхатига яна 14 нафар россиялик, шунингдек, мудофаа секторидаги корхоналар ва оммавий ахборот воситаларини киритди. Бу ҳақда 31 октябрь, душанба куни ҳукумат йиғилиши якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида ташқи ишлар вазири Нанайя Махута маълум қилди, деб хабар беради Известия.

Махутанинг таъкидлашича, ракета ва ўқотар қуроллар ишлаб чиқарувчи компаниялар раҳбарлари ва акциядорлари, шунингдек, «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси билан боғлиқ ҳарбийлаштирилган гуруҳлар аъзоларига нисбатан чеклов чоралари киритилган.

Махута чекловларга дуч келган оммавий ахборот воситалари орасида Қримда жойлашган News Front ахборот агентлиги борлигига ишора қилган.

Санкциялар остида қолганларга Янги Зеландияга бориш тақиқланган. Бундан ташқари, уларнинг самолётлари мамлакат ҳаво ҳудудига кириши, кемаларнинг портларга кириши тақиқланган. Шунингдек, санкциялар остидаги активлар музлатилади, дея қўшимча қилган ташқи ишлар вазири.

Аввалроқ, 11 октябрь куни Янги Зеландия Ташқи ишлар вазирлиги «қора рўйхат» кенгайтирилгани, Россияининг бир қатор фуқаролари, шунингдек, мамлакат таркибига қўшилган ҳудудларга алоқадор давлат амалдорларининг исм-шарифлари ҳақида хабар берганди.

Эсалтиб ўтамиз, аввалроқ ЕИ Россияга дрон сотгани учун Эронга янги санкциялар қўллагани, Евроиттифоқ Россияга қарши саккизинчи санкциялар пакетини тасдиқлагани, Австралия Россияга қарши санкциялар рўйхатини кенгайтиргани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Канада Россияга нисбатан санкциялар жорий қилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: