10:36 | 16.06.21
БМТ томонидан тузилган рейтингга 165 та мамлакат киритилган
БМТ ва «Bertelsmann» жамғармаси томонидан эълон қилинган йиллик барқарор ривожланиш рейтингида Ўзбекистон 165 мамлакат орасида 77-ўринни эгаллади. Рейтинг маълумотлари ташкилотнинг расмий сайтида эълон қилинди.
Унга кўра, мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик соҳаларда барқарор ривожланишини белгилайдиган 17 та мақсаддан олтитасига эришишда Ўзбекистон тараққиёти қайд этилган. Хусусан, қуйидаги йўналишларда ривожланиш кузатилган: «Соғлик ва фаровонлик», «Гендер тенглиги», «Арзон ва тоза энергия», «Саноат, инновация ва инфратузилма», «Иқлим ҳаракати», «Тинчлик, адолат ва кучли институтлар». Шунингдек, мамлакат қашшоқлик йўқлиги, сифатли таълим, тоза сув ва санитария йўналишида ривожланишга эришган, умумий ривожланиш бўйича 100 баллдан 69,84 баллни кўлга киритган.
Рейтингда Қирғизитон 44, Қозоғистон 59, Тожикистон 78, Туркманистон 117, Афғонистон 137-ўринларни эгаллаган. Барқарор ривожланиш бўйича юқори бешликка Финляндия, Швеция, Дания, Германия ва Бельгия кирган.
Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, 2015 йилдан бери илк бор глобал ўртача кўрсаткич 2020 йилгидан паст бўлган. Бу пасайиш COVID-19 пандемияси бошланганидан кейин қашшоқлик ва ишсизлик даражасининг кўтарилиши билан боғлиқлиги айтилган.
Маълумот ўрнида, Барқарор ривожланиш мақсадлари индекси 100 га яқин мезондан иборат, ўзаро боғлиқ 17 та мақсад тўплами бўлиб, 2015 йилда БМТ Бош ассамблеяси томонидан ишлаб чиқилган.
Аввалроқ дунё бўйлаб аёлларнинг сиёсатдаги иштироки бўйича рейтинги эълон қилинганди. Шунингдек, дунёнинг энг буюк лидери ким экани маълум бўлган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: