14:55 | 02.04.24

                       

Жанозага айланган Билимлар кунидан Язидлар қирғинигача – ХХI асрнинг энг йирик терактлари

22 март куни Москва шаҳридаги “ Crocus City Hall” концерт залида бир гуруҳ қуролланган шахслар томонидан уюштирилган терактда 133 дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Мазкур теракт Россия тарихида Беслан воқеаларидан кейин энг йириги, дунёда эса охирги йилларда содир этилган энг даҳшатлиларидан ҳисобланади.

Bugun.uz нашри сўнгги 20 йилликда содир бўлган энг талафотли терактлар ва улар келтирган оқибатларни эслаб ўтди.


Жанозага айланган Билимлар куни

2004 йил Россия Федерацияси таркибига кирувчи Шимолий Осетия республикасининг Правобережний тумани маркази ҳисобланган Беслан шаҳридаги мактабда уюштирилган теракт келтирган талафотлари билан ҳанузгача эсланади. 1-сентябр – Билимлар кунида мактабга бостириб кирган жанговар гуруҳ мактабдаги 1000 дан ортиқ кишини гаровга олган, улар орасида ўқитувчилар, ота-оналар ва асосан, вояга етмаган болалар бўлган. Террорчилар гаровдагиларни мактаб спорт залида 3 кун сув ва овқатсиз ушлаб ўтирган.

Жангарилар президент Путиндан ҳарбийларини Чеченистондан олиб чиқиб кетиш ва Ичкерияни озод қилишни талаб қилган. Аммо келишувлар натижасиз якунланган.

Қуршовнинг учинчи куни ҳукумат қўшинлари мактабга ҳужумга ўтди. Террорчилардан озод этилган спорт залида юзлаб ҳалок бўлганлар танаси топилган. Ҳодиса натижасида 334 киши (уларнинг 186 таси болалар) ҳалок бўлган. Воқеадан икки ҳафта ўтиб, теракт бўйича жавобгарликни чечен айирмачилари раҳбарларидан Шамил Басаев ўз бўйнига олди. 27 нафар террорчи мактабни озод этиш вақтида ўлган бўлса, ягона тирик ҳолда қўлга олинган жангари ҳибсга олиниб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Беслан мактаби бузиб ташланиб хотира майдонига айлантирилган.

Бундан 20 йил аввал Россия Бош Прокуратураси томонидан очилган суриштирув натижалари ҳанузгача давом этиб келмоқда. Мустақил эксперт гуруҳлари ва жамоат ташкилотлари томонидан олиб борилаётган изланишлар террористларнинг аниқ сони, ҳокимият томонидан очилган отишма натижасида ҳалок бўлганлар, воқеанинг ОАВга очиқланмаган тафсилотлари ва бошқа ҳолатлар бўйича саволларга аниқ жавоб топганича йўқ.


Язидлар қирғини

2007 йил Ироқнинг Ал-Катания ва Ал-Жазира шаҳарларида уюштирилган портлашлар оқибатида 796 киши ҳалок бўлган. 2 тонна ўқ-дори портлаши натижасида кўп қаватли бинолардан иборат маҳаллалар қулаб оилалар вайроналар остида қолиб кетган. Қутқарув ходимлари тирик қолган одамларни вайроналар остидан олиб чиқиш учун қўллари билан ковлашига тўғри келган.

Терактда Ироқнинг сунний жангарилари айбдор деб топилган. Воқеагача бир неча ой давомида маҳаллалар бўйлаб язидларга нисбатан турли таҳдид мазмунидаги ёзувларнинг тарқалиши, суннийлар ва язидлар, араблар ва курдлар ўртасида келиб чиққан кескинлик бунга сабаб қилиб кўрсатилган. Ҳодиса натижасида 796 киши ҳалок бўлган, 1562 киши турли тан жароҳатларини олган.

9/11

Ҳар йили 11 cентябрь Ню-Ёркнинг эгизак биноларида содир бўлган терактда ҳалок бўлганлар хотираси ёдга олинади. Мазкур фалокат келтирган зарари ва ҳалок бўлганлар сони бўйича дунёдаги энг даҳшатлиси ҳисобланади. Кейинчалик Ал-Қоида террористик ташкилоти жавобгарлигини бўйнига олган ҳодиса 2001 йил 11-cентябр куни юз берган. Воқеа 19 нафар террорчининг 4 та самолётни қўлга киритиши ва 2 та самолётнинг Халқаро савдо маркази бўлган эгизак биноларига урилиши билан бошланган. Яна бир самолёт Вашингтондан узоқ бўлмаган Пентагонга бориб урилади, тўртинчи самолёт эса Пенсилвания штатининг Шанксвилл майдонига қулайди.

Теракт натижасида 3 минг киши ҳалок бўлган. Ҳодиса кейинчалик АҚШ ҳукуматининг 2008 йилда Афғонистонда Ал-Қоида террористик ташкилотини йўқ қилишга қаратилган ҳарбий операциясини амалга оширилишига олиб келган. Операция натижасида Ал-Қоида раҳбари Усама бин Лодин ўлдирилади, жангарилар билан бирга кўплаб Афғонистон фуқаролари ва 2 мингдан ортиқ АҚШ ҳарбийлари ҳам ҳалок бўлган.

Ҳиндистон

2006 йил 11 июль куни Ҳиндистон бўйлаб бир қатор портлашлар овози янграйди. 15 дақиқа давомида мамлакатнинг молиявий пойтахти Мумбай темир йўлида бомбаларнинг кетма-кет портлаши натижасида 209 киши ҳалок бўлган, жароҳатланганлар эса 800 дан ортиқни ташкил этган.

Терактни Лашкарий Тайба диний экстремистик гуруҳи уюштирган деб топилган, кейинчалик ҳодисада покистонлик жангарилар ва тақиқланган талабаларнинг исломий ҳаракати ҳамда Ал-Қоида террористик гуруҳининг қўли борлиги ҳам айтилган. Тергов натижасида қўлга олинган 12 киши турли муддатга озодликдан маҳрум қилинган, уларнинг 5 нафари қатл этилган.

Бали

2002 йилнинг 12 октябрида Индонезиянинг Бали оролларидаги Кутабич курортида 3 та бомба портлайди. Биринчи портлашни жиҳодчи террорист ирланд қовоқхонасида уюштирган. Бу вақтда курортнинг бошқа бир тарафида жойлашган Сари клубида миналанган автомобиль портлайди ва бинони бутунлай вайронага айлантирган.

Портлаш натижасида клубдан 500 метр узоқликдаги бинолар эшик-деразалари синиб кетган, портлаш содир бўлган бинодаги ёнғин қўшни 20 та иншоотни қамраб олган.

Ёнғиндан 30 дақиқа ўтар-ўтмас АҚШ консуллиги ёнидаги бинода учинчи бомба портлайди. Умумий ҳисобда 202 кишини бу дунёдан олиб кетган терактда айбдор сифатида 30 киши ҳибсга олинган.

2003 йилда якунланган суриштирув-тергов ишларига кўра, Индонезия суди Жамоаи Исломия ҳаракатининг бир қатор аъзоларини умрбод қамоқ жазосига тортган ва икки кишини отишга ҳукм қилган.

Сомали

2017 йилнинг 14 октябрь куни Сомали пойтахти Могадишода миналанган икки автомобиль портлаши натижасида йирик теракт содир бўлди. Ҳодисада 587 киши ҳалок бўлган, юзлаб тинч аҳоли турли даражада жароҳатланган. Аввалига портловчи моддалар ортилган юк машинаси ҳавога отилиб кетган ва Сафари меҳмонхонасини бутунлай вайронага айлантирган. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти шаҳар марказидаги бозорга келган оддий фуқаролар эди.

Иккинчи бомба Мадина туманида портлаган ва икки кишининг умрига зомин бўлган. Терактни ҳеч қайси жангари гуруҳ бўйнига олмаган, бироқ ҳукумат портлашда Ал-Қоида террористик ташкилотига алоқадор Аш-Шабаб радикал гуруҳини айбдор деб топган.

Хулоса ўрнида

Мазкур терактлар ҳақидаги хулосаларга назар солар эканмиз, уларда асосан айбдор сифатида Ал-Қоида террористик гуруҳининг қўли борлиги кўрсатилган. Испания, Сомали, Бали, АҚШдан тортиб Ҳиндистондаги поездлар мушакбозлигигача Исломни ниқоб қилиб олган жангарилар томонидан уюштирилган, деган фаразлар устун. Аслида эса, Ислом ва бошқа динлар терроризм ғояларидан йироқлигини дунё аллақачон англаб етган.

Терроризм – моҳиятан дин ва ирқдан узоқ тушунча. Жиноятчиларнинг сабаб қилиб кўрсатаётган мафкуравий важлари – шунчаки ниқоб холос. Токи одамларнинг сиёсий ва иқтисодий муаммолари тугамас экан, терроризм давом этаверади. Бундай улкан бузғунчиликлар ортида бир ҳовуч одамларнинг моддий манфаати ва уларга эргашувчи гуруҳлар кўр-кўрона сиғинаётган мафкура ётади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: