10:55 | 16.01.23

                       

«Мен совуқдан қийналаётган ҳар бир оиланинг кайфиятини юрагимдан ўтказаяпман» — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг барча даражадаги раҳбарлари бугунги ҳолатга умуман тайёр эмаслиги кескин танқид қилди. Йиғилишда ўз фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев ва «Иссиқлик электр станциялари» АЖ бошқаруви раиси Фарҳод Абдурахманов лавозимларидан озод этилди

Шавкат Мирзиёев ҳузурида қиш мавсумида аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди, деб хабар беради Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Мен совуқдан қийналаётган ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг кайфиятини, ҳиссиётини чуқур ташвиш ва изтироб билан юрагимдан ўтказаяпман», — дейди давлат раҳбари.

Юзага келган вазият соҳалар ҳамда ҳудуд раҳбарларининг бугунги кунгача қандай ишлаганини яққол кўрсатиб қўйгани таъкидланган. Айниқса, Тошкент шаҳрининг барча даражадаги раҳбарлари бугунги ҳолатга умуман тайёр эмаслиги кескин танқид қилинган.

Пойтахтнинг Бош режаси ҳалигача тасдиқланмагани натижасида рухсатсиз қурилган объектлар сони 250 дан ошиб кетгани, қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, бозорларда озиқ-овқат музлаб қолмаслиги учун, нарх-наво ошиб кетмаслиги учун чора кўрилмаётгани учун пойтахт мутасаддиларига қатъий эътироз билдирилган.

Шу боис, вазиятга олдиндан баҳо бериб, қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик кўрмагани учун Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан озод этилган. Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Учтепа туманлари ҳокимларига «ҳайфсан» берилган.

«Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти раиси Ф.Абдурахмонов лавозимидан озод этилган. Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Раҳмонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи, Бош прокурор ўринбосари Э.Юлдашев шаҳар прокурори этиб тайинланди.

Президент республиканинг қолган ҳудудларида ҳам аҳвол ёмонлигини танқид қилган.

Айниқса, Зангиота, Тошкент, Булоқбоши, Хўжаобод, Учқўрғон, Косон, Кармана, Қамаши, Шофиркон, Хўжайли, Денов, Шароф Рашидов, Пастдарғом, Фарғона, Пахтабод, Ҳазорасп туманлари ҳамда Самарқанд, Наманган, Фарғона, Гулистон, Чирчиқ шаҳарлари ҳокимлари масъулиятни ҳис қилмасдан, бир ой олдинги совуқ кунлардан ҳеч қандай хулоса чиқармагани кўрсатиб ўтилган.

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев қатъий огоҳлантирилган, Чирчиқ шаҳар ҳокимига «ҳайфсан» берилган. Бугунги кунда барча даражадаги раҳбарларнинг энг катта вазифаси – электр ва газ тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаб бериш. Лекин тегишли соҳалар мутасаддилари буни уддалай олмаяпти.

Шу муносабат билан энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев лавозимидан озод этилган.

«Ҳудудий электр тармоқлари» раҳбари Мустафоев, «Узтрансгаз» раҳбари Норматов ва «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Абдуллаев ҳам лавозимидан озод этилиб, уларга вазифасини бажарувчи лавозимида 3 ой синов муддати белгиланган.

«Агар тармоқ корхоналарининг айрим молиявий масалалари вақтида ечиб берилганда, даромадларининг бир қисми инвестиция қилиниб, тармоқларни янгилашга йўналтирганда вазият бунчалик оғир бўлмас эди», — деб таъкидланган йиғилишда.

Бу масалада ҳам масъуллар эътиборсизлик қилгани танқид қилингани. Энди бутунлай бошқача тизим бўлиши – стратегик корхоналар Стратегик ислоҳотлар агентлигига ўтказилиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар сессиясида 2018 йил 21 декабрь куни ташкилий масала кўрилиб, Шавкат Мирзиёев шаҳар ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Жаҳонгир Ортиқхўжаев номзодини шаҳар ҳокими лавозимига тавсия этганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: