12:36 | 07.03.22

                       

Сирдарёда Суриядаги жангарилар сафига қўшилишни режалаштирган маҳбус аниқланди

У бундан 2 йил олдин террористик ташкилотга аъзо бўлгани сабаб қамалган

Давлат хавфсизлик хизмати Сирдарё вилоятида Суриядаги жангарилар сафига қўшилишни режалаштирган маҳбусни аниқлади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: ЎзА

Маълум бўлишича, бузғунчи ғоялар тарғиботи билан шуғулланган ва келажакда Суриядаги жангарилар сафига чиқиб кетишни режалаштирган маҳбус аниқланди. Таъкидланишича, у турли вилоятлардаги жазони ижро этиш манзил колонияларида сақланаётган 20 нафар маҳкум ва 11 нафар озодликдаги фуқаро билан алоқада бўлиб келган.

Қайд этилишича, 1991 йилда туғилган П.С. аввал «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террористик ташкилотига аъзолиги учун 6 йилга озодликдан маҳрум этилганди. У 2020 йилдан буён Гулистон туманидаги манзил колонияда жазо ўтаётган бўлган. Маҳбус бошқа маҳкумларга ва озодликдаги танишларига экстремистик ва ақидапарастлик руҳидаги материалларни тарқатиб келган.

ДХХ ва ИИВ Сирдарё вилояти бўйича бошқармалари ҳамкорлигида прокурор санкциясига асосан 31 нафар фуқаронинг жазони ўташ ва яшаш манзилларида тезкор-тергов ҳаракатлари амалга оширилган. Аниқланган ашёвий далиллар ва электрон ташувчи мосламаларда сақланган материалларга асосан Жиноят кодексининг 2441 -моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «а, г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилди.

Аввалроқ 16 февраль воқеаларида қатнашгани учун 23 йилдан бери қидирувда бўлган «Туркистон ислом ҳаракати» террористик ташкилоти аъзоси Ўзбекистонга олиб келингани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: