19:16 | 10.10.22

                       

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги баҳсли ҳудудлар қандай тақсимланиши маълум қилинди

Қирғизистон МХҚ раиси чегара делимитацияси ҳақида маълумот берди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев мамлакат парламентида ўтган йиғилишда Ўзбекистон билан чегара делимитацияси доирасидаги ер алмашувлари ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда KaktusMedia хабар берди.

Қайд этилишича, келишув бўйича Ўзбекистон 4485 гектар, Қирғизистон эса 19699 гектар ер олади. Ташиевнинг таъкидлашича, келишув имзоланса, Қирғизистон қуйидаги ерларга эга чиқади:

  • Ғовасой ҳудуди (Ғовасой дарёси ўтган ҳудуд) — 12 949 гектар;
  • Ола-Бўка туманидаги Кўксерек қишлоғи — 105 гектар;
  • Ола-Бўка туманидаги Баястан қишлоғи — 212 гектар;
  • Унгар-Тоо тоғи — 35 гектар;
  • Қорасув туманидаги Оқтош қишлоғи — 100 гектар;
  • Oла-Бўка туманидаги Қорабелес қишлоғи — 25 гектар (аввал Ўзбекистон таркибида бўлган);
  • Шаҳрихонсойнинг бир қисми — 19,5 гектар;
  • Сўзак туманидан қўшимча 500 гектар;
  • Ўзган туманидан қўшимча 500 гектар;
  • Ўрта тўқай сув омбори — 1009,5 гектар (тўлалигича);
  • Ола-Бўка туманидаги Биринчи май ва Кўксерек қишлоқлари;
  • Оқсой туманидаги Жетиген, Кербен ва Аэропорт қишлоқлари — 571 гектар;
  • Ноокен туманидаги Шамалдисой қишлоғи — 1088 гектар;
  • Аравон тумани — 148 гектар;
  • Қадамжой туманидаги Кўкдала ва Пилдириқ ҳудудлари — 1 013 гектар.

Шу билан бирга, Ташиев Кампир-Обод сув омбори яқинидаги 4485 гектар ер Ўзбекистонга ўтганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, сув омборида сувнинг горизонталь сиғими ҳажми 908 метрдан 900 метрга туширилгач, 1246 гектар ер бўшаган ва бу ерлар Қирғизистонга ўтган.

«Авваллари Кампир-Обод сув омборидан фақат Ўзбекистон фуқаролари фойдалана оларди. Энди эса бошқарув тенг йўлга қўйилади: икки давлатдан 4 кишидан бўлади. 70 йил давомида сув омборидан фойдаланишни Ўзбекистон мустақил белгилаб келди. Энди Қирғизистон фуқаролари сувдан эркин фойдалана олади: экинларни ва ҳайвонларни суғориш, балиқ овлаш ва насос билан сув тортишлари мумкин бўлади», — деган Ташиев.

Ташиевнинг сўзларига кўра, келишув имзоланса, Қирғизистон ҳудуди 15 806 гектарга кенгаяди.

«Биз ғалаба қозондик дея олмайман, аммо бир қарич жойимизни ҳам бермадик. Баъзилар ёмон ерларни олдик деяпти, ундай эмас, жуда яхши, ҳосилдор ерларни олдик. У ерларда ҳатто олтин ҳам бор, Ўзбекистон ўз вақтида олтита лицензия берган, шунга қарамай бу ерларни олишга муваффақ бўлдик», — деган Қирғиз давлат МХҚ раиси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Абдулла Арипов Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашгани ҳақида хабар берилганди. Томонлар Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилган. Шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон томонлари чегара бўйича қўшма протокол имзолаган. Қирғизистонлик депутатлар Ўзбекистон билан чегара масаласини муҳокама қилиши айтилганди.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров Боткен вилояти маъмурий-ҳудудий бирликларини тиклаш ва ривожлантириш давлат комиссиясининг йиғилишида Ўзбекистон билан чегара масаласини тинч йўл билан ҳал этилишини айтган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: