16:30 | 09.09.23

                       

Ўзбекистонда юридик шахслар учун газ ва электр энергияси нархлари эркинлаштирилади

Аҳоли истеъмолидаги электр ва газ нархлари ўзгармайди.

Ўзбекистонда 2023 йилнинг 1 октябридан бошлаб юридик шахслар учун табиий газ ва электр энергияси нархларини эркинлаштириш режалаштирилмоқда. Бу бўйича Энергетика вазирлигининг тегишли қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Bugun.uz

Маълум қилинишича, ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар таклиф этилган. Унга кўра, аҳоли учун бир киловатт/соат электр энергияси нархи ўзгаришсиз қолдирилган – 295 сўм.

I ва II гуруҳ истеъмолчилари – Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ КМК, Ўзбекистон металлургия комбинати ва уларнинг таркибий корхоналари, бюджет ташкилотлари, шунингдек, насос станциялари учун 1 киловатт/соат электр энергияси нархи 450 сўмдан 1000 сўмга (2,2 баравар), бошқа юридик шахслар (компаниялар) учун эса 450 сўмдан 900 сўмгача (2 баравар) оширилади.

Кўп қаватли уйлар ва марказлаштирилган тарзда овқат пишириш учун электр печкалар билан жиҳозланган ётоқхоналарда яшовчи маиший истеъмолчилар учун тариф ҳам ўзгаришсиз қолдирилган – 147,5 сўм.

Аҳоли истеъмол қиладиган табиий газ қиймати ҳам ўзгармаган – бир кубометр учун 380 сўм. Ҳисоблагичлар йўқ бўлганда овқат тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун бериладиган газнинг бир кубометри 660 сўм (ўзгармайди), иситиш учун – 380 сўмдан (ўзгармайди) этиб белгиланади.

Навоий КМК, Олмалиқ КМК, Ўзметкомбинат ва бюджет ташкилотлари учун бир кубометр газ нархи 660 сўмдан 1800 сўмга (2,7 баравар) оширилади. Бошқа юридик шахслар учун эса нарх 660 сўмдан 1500 сўмга (2,3 баравар) ошади.

Аҳоли учун суюлтирилган газ тарифи ўзгармайди – 1 120 сўм.

Олдинроқ мамлакатда ичимлик суви нархи ҳам қарийб икки бараварга оширилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг июн ойида Ўзбекистон аҳолиси рекорд даражада электр энергияси истеъмол қилган бўлиб, шундан 6,1 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: