20:23 | 24.01.24

                       

Мирзиёев ва Си Цзинпин олдида 15 та ҳужжат имзоланди

Хитой ва Ўзбекистон давлат еткачилари иштирок этган олий даражадаги музокаралардан сўнг, стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар қабул қилинди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Хитой ва Ўзбекистон давлат еткачилари иштирок этган олий даражадаги музокаралардан сўнг, 15 та ҳужжат имзоланган.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Президент Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпин қўшма баёнот имзоладилар. Унда томонларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорликни турли соҳаларда ҳар томонлама мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шерикликни мазмун жиҳатидан бойитишга интилиши тасдиқланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Жумладан, давлат етакчилари ҳузурида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:

  • – Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • – Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида техник-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • – Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида инсон ресурсларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • – Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида давлат илмий-тадқиқот муассасалари ҳамкорлиги тўғрисида битим;
  • – Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Хитой Халқ Республикаси Таълим вазирлиги ўртасида хитой тилини ўқитиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • – Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Хитой Халқ Республикаси Божхона бош бошқармаси ўртасида Ўзбекистондан Хитойга нўхат экспорт қилишда фитосанитар талаблар ва назорат тўғрисида баённома;
  • – Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Хитой Халқ Республикаси Ислоҳотлар ва ривожланиш давлат қўмитаси ўртасида Хитой – Марказий Осиё – Европа темир йўл экспресслари бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисида баённома;
  • – Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Хитой Халқ Республикаси Тижорат вазирлиги ўртасида янги электр транспорт воситалари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида баённома;
  • – Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва Хитой Халқ Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ масалалари вазирлиги ўртасида камбағалликни қисқартириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида аҳдлашув баённомаси;
  • – Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Хитой Халқ Республикаси Фан ва технологиялар вазирлиги ўртасида илмий-техник ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисида ҳамкорлик баённомаси;
  • – Ўзбекистон Республикаси Техник тартибга солиш агентлиги ва Хитой Халқ Республикаси Стандартлаштириш маъмурияти ўртасида стандартлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
  • – Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Хитой фуқаролик авиацияси бошқармаси ўртасида «Ҳаво ипак йўли»ни биргаликда барпо этиш тўғрисида келишув;
  • – Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси ва Хитой Халқ Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ўртасида 2024-2026 йилларда туризм соҳасидаги ҳамкорлик режаси;
  • – Тошкент вилояти ва Шенси музофоти ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида битим;
  • – Самарқанд ва Синдао шаҳарлари ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида битим ва бошқалар.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев Хитой давлат кенгаши бош вазири Ли Цян ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзин Лицюн билан музокара ўтказгани ҳақда хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: