15:48 | 23.04.24

                       

Фарғонада алимент тўламай юрган ота қудуқ ичидан топилди

Фарғонада эркак алимент тўламаслик учун уйидаги қудуққа беркиниб олди. Ота-онаси МИБ ходимларига уни Тошкентга кетганини айтган

Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилоят бошқармаси қидирув шўъбаси инспекторлари томонидан олиб борилган навбатдаги тадбир давомида фарзандини моддий таъминотидан бўйин товлаб юрган қарздор уйидаги қудуқдан топилди. Бу ҳақда МИБ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: МИБ ахборот хизмати

Суд қарорига кўра, ундирувчи фойдасига икки нафар фарзанди учун ҳар ойда алимент ундириш тартиби белгиланган. Суд ижро ҳужжати Бюронинг Олтиариқ туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро ҳаракатларига киришилган.

Бироқ, ота мунтазам алимент тўламаслиги оқибатида қарздорлик 10 миллион сўмдан ортиб кетган. Бундан ташқари, у Тошкент шаҳрига бориб, беркиниб юрган.

Унга нисбатан давлат ижрочиси томонидан қидирув эълон қилинган. Бошқарма инспекторлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари билан ҳамкорликда топиш чорасини олиб борган. Натижада у, Тошкентдан уйига келгани маълум бўлган. Ходимлар олинган тезкор маълумотларга кўра уйига борганда, оила аъзолари уни келмаганини билдирган. Хонадон кўздан кечирилганда, қарздор янги ковланаётган «қудуқ» ичидан топилган.

Қидирувдаги шахс белгиланган тартиб бўйича давлат ижрочисига топширилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: