19:03 | 23.04.24

                       

Миллатни ҳалок қилувчи – …лик

Ўзбекистонда маҳаллийчилик илдизига назар. Унинг тарихи ва келажаги қандай?

Ҳеч эътибор берганмисиз – ижтимоий тармоқларда кейинги пайтларда жамият иккига бўлиниб қолгандек: рўмолли-рўмолсиз, соқолли-соқолсиз, бир никоҳли ва икки никоҳлилик тарафдорлари. Ижтимоий тармоқда бу икки тоифа имкон бўлди дегунча бир-бирига тош отишдан эринмайди. Аммо улар қаторида яна бир хавфли тушунча пайдо бўлган- бу асл тошкентликлар ва вилоятликларни ажратиш. Келинг, сўзимиз исботини қуйида баён қиламиз.

Бизда маҳаллийчилик мактабдаёқ бошланади. Болалар кўчасига, маҳалласига қараб бирлашадилар. Кейин бу иллат университетларда давом этади. Маҳаллийчиликнинг хунук шаклларини 80-йилларда, талабалик даврларимизда ўқиб юрган кезимизда талабаларнинг ФАН (Фарғона, Андижон, Наманган) ва СурҚаш (Сурхондарё, Қашқадарё) бўлиб бўлинганларини, бир-бирларининг устига юриш қилганларининг гувоҳи бўлганман. Айни пайтда вилоят марказлари бўлган шаҳарлардаги деярли барча ташкилот ва муассасаларда шаҳарликлар ва раёнликларга бўлинишлар мавжуд. Қайсидир туман вакиллари кўпроқ, бошқасиники озроқ. Университет ректори қайси вилоятдан бўлса, ўша вилоятдан келган талабалар ўзларини университет эгасидек тутишарди. Бу ҳозирги кунимизда ҳам давом этиб келаётган жараён.

Умуман олганда, маҳаллийчилик кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Илгари ҳам одамлар “СурҚаш”, “Водийликлар”, “Тошкентликлар”, “Хоразмликлар”, “Қорақалпоқликлар” ва ҳоказо норасмий гуруҳларга ажратиларди. “Асл тошкентликлар” элитаси эса на “сурқаш”лар, на водийликлар, на бошқа “…лик”ларга қўшилмас, уларнинг ўз тутган позицияси бор эди. Яъни, тошкентликлар фақат тошкентликлар билан дўстлашар, борди-келди қиларди. Ўша пайтларда сурхондарёлик ёки қашқадарёлик қиз водийлик ёки бошқа вилоятлик йигитга кўнгил қўйса, у билан учрашиб юрса, бу анчайин катта низолар, жанжалларга сабаб бўлиши мумкин эди.

Замон ривожланишими ёки эски стереотиплар парчаланиб ташландими, бу тушунчалар эскирди ва энди Сурхондарё, Қашқадарёда туғилганлар ҳам, водийликлар ҳам, тошкентлигу Сирдаё, Жиззах, Самарқанду Хоразм, қорақалпоқликлар ҳам ўзларини бир ватан фарзанди дея ҳис этишадиган бўлди. Энди катта давраларда ҳам фалончини туғилиб ўсган жойига қараб ажратиш деярли йўқолди. Энди миллат жипслашди. Бу қувонарли ҳол, албатта. Ахир, бир ватанда туғилиб ўсган бир халқ вакиллари маҳаллийчилик қилиши ақлга сиғмайди, ҳатто шармандали ҳол. Бир ватан фарзандлари қаерда, қайси ҳудудда туғилиб ўсганидан қатъий назар бирлашсагина катта куч бўла олади. Айниқса, кейинги пайтларда дунё қалқиб туган бир замонда бу жуда муҳимдир. Четдан тинчлигимиз, мустақиллигимизни барбод қилишга шай турган ғайр кучлар йўқ дейсизми? Улар қулай пайт келишини пойлаб туришибди. Бу кучлар ошкорасига қурол кўтариб уруш очмайди. Технологиялар даврида улар ақл билан иш тутади, яъни ҳар биримизнинг уйимиз, қўлимиздаги сўнгги технологиялардан фойдаланиб, бизни ичкаридан парчалашга ҳаракат қилади. Зеро, халқни енгиш учун уни ичдан парчалаш кераклигини улар жуда яхши билишади. Бунинг учун имконлари етган барча усуллардан фойдаланишади.

Юқорида маҳаллийчилик ҳақида сўз очгандик. Афсуски, бу қусур охирги йилларда яна бош кўтармоқда. Энди унинг шакли бошқача, асл тошкентликлар ва вилоятликлар кўринишида намоён бўлмоқда. Ижтимоий тармоқларни диққат билан кузатаётган одам сўнгги йилларда “асл тошкентликлар ва вилоятликлар” каби ажратишларга кўзи тушади. Бу бир қарашда беозор, ижтимоий хавфи йўқдек кўринади, аслида тагида катта хатар ётибди.

Бир неча кун олдин Рамазон ҳайитини катта қувончлар билан кутиб олдик, бир-биримизни қутладик, ҳадялар улашдик. Рамазон ҳайити муносабати билан барча ташкилотлар, ўқув муассасаларида уч кунлик дам олиш эълон қилинди. Иши, ўқиши туфайли Тошкентда яшаётганлар, вилоятлардан бориб, пойтахтда яшаб қолганлар ота-оналари, яқинларини зиёрат қилиш учун вилоятларга йўл олишди. Худди шу кунларда сўнгги вақтларда Тошкент ҳавоси биринчи марта тозалангани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Тошкент ҳавоси тозаланаётгани жуда қувонарли ҳол, албатта. Аммо… Ушбу қувончли хабар билан бирга дилни хира қиладиган ҳол ҳам бўлди. Фейсбук ижтимоий тармоғида бу хабарни бошқача тарзда талқин қилган постлар, изоҳлар кетма-кет пайдо бўла бошлади. “Вилоятликлар уйларига кетгани сабабли Тошкент ҳавоси тозаланди” каби изоҳлар очиқдан очиқ тармоққа сингдирила бошланди. “Қайтиб келишмаса ҳам розимиз” деб ёзди ўзига “Тошкентлик” тахасллусини қўйиб олган фойдаланувчи. Уни қўллаб-қувватлаганлар ҳам шу мазмундаги изоҳларни ёзишди. Бундай постлар,изоҳлар нари борса икки-уч кун давом этди, аммо кишининг дилида ғашлик қолдирди.

Тошкент ҳавоси дарахтлар кесилиши, атмосферага чиқарилаётган заҳарли газлар, машиналардан чиқаётган тутунлар ҳисобига заҳарланаётганини ҳатто мактабга эндигина қадам қўяётган бола ҳам тушунади. Аммо Тошкентда яшаётган вилоятликларни “заҳарлаш” учун айтилган бундай сўзлар замирида шунчаки беозор ҳазил ёки кесатиқ эмас, бошқа мақсад борлигини назардан қочирмайлик. Халқнинг, миллатнинг жипслигини бузишни мақсад қилганлар аввало одамларни бир-бирига қарши гиж-гижлайди, ўзаро норозилик кайфиятини туғдиришга ҳаракат қилади. Буни улар четдан туриб қилмайди, балки гумашталаридан фойдаланади. Халқ ичида юрган “бажарувчилар” одамларнинг феъл-атворини, уларга қандай гаплар қай тарзда таъсир қилишини яхши билади. Чунки улар шу ерда туғилиб ўсган, ўзи мансуб бўлган халқнинг феъл-атворини яхши билади. Гумашталар эса юқоридаги каби ҳақоратловчи сўзлар билан одамларнинг “қитиқ парига” тегиб қўяди. Мақсад – одамлар орасида бир-бирига нисбатан норозилик кайфиятини уйғотиш. Бунинг оқибати эса жуда хатарли, ҳатто ҳалокатли. Тарих 1989 йил май ойида Фарғонада бўлган “Қулупнай воқеасини” унутгани йўқ. Ўшанда ҳам ташқаридан қараганда қулупнай туфайли бошланган жанжалга йиллар давомида тайёргарлик кўрилган. Ўша фожиада қанча-қанча одамлар ҳалок бўлди, минглаб оилалар туғилиб ўсган еридан кўчишга мажбур бўлди. Бугун ҳам уларнинг кўпчилиги турли давлатларда сарсонликда кун кўрмоқда. Бир нарсани ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим- бу каби миллатлараро жанжалларда фақат оддий халқгина жабр кўради, унинг бошида турганлар эса ҳар доимгидай кайфу-сафода яшайверади.

Бу биргина мисол, холос. Фейсбукдаги турли гуруҳларда бунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Фақат аёллар аъзо бўлган гуруҳларда совчилик постлари ҳам қўйилади. Баъзи совчилик постларида “Келин бўлмиш асл тошкентлик бўлиши керак” деган сўзларга алоҳида урғу берилади, баъзилари эса очиқдан очиқ “вилоятликлар безовта қилмасин” дейишади. Ўғлига келин топиш ниятидаги онанинг келинликка номзод шу шаҳарда туғилиб ўсган қиз бўлишини истагини яхши тушунаман, аммо буни чиройли тарзда, бошқаларнинг кўнглига озор бермайдиган тарзда ҳам етказиш мумкинку? Умуман олганда, гўзал тарбия олган, ўқимишли, пазанда, ширин муомалали, аммо вилоятда туғииб ўсган қизни келин қилишни истамаган бўлармиди?

Бир қарашда беозор, ҳеч кимга оғирлиги тушмайдиган бундай мисоллар аслида миллат таназзулига сабаб бўлиши мумкин. Одамларни яшаш жойи, ижтимоий аҳволига қараб ажратиш ҳар қандай замонда ҳам яхшиликка олиб келмайди. Миллат бирлашмас экан, бизни ҳалок қилишга, парчалаб ташлашга уринаётган кучлар баттар кучаяверади. Бир асрдан ортиқроқ тарихга назар ташлайдиган бўлсак, айнан ўзбек хонликлари, амирликлари бирлаша олмагани учун советлар Туркистонни осонгина босиб олган эди. Бу инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат.

Яна шуни яхши англаб етишимиз лозимки, қишлоқларда туғилиб ўсган одамлар шаҳарга, пойтахтларга интилиши табиий. Бусиз шаҳарнинг тараққиётини тасаввур этиб бўлмайди. Тасаввур қилинг- Тошкентда туғилганлар фақат Тошкентда яшаб, ишласа, вилоятликлар ўз вилоятида қолса, ривожланиш, тараққиёт ҳақида қандай гап бўлиши мумкин? Қишлоқликлар ўзлари етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қишлоқда, тошкентлик ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни шаҳарда сота оладими? Вилоятлардан аҳоли шаҳарга кўчиб келиб, унинг ривожланишига ҳисса қўшмаса тараққиёт бўладими? Урбанизация жараёни бўлмас экан, тараққиёт ҳақида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас.

Асл тошкентликлар зиёли, бағри кенг, хушмуомала бўлишади, улар одам ажратмайди. Одамларга мансаби, келиб чиқиши, бой ёки ўрта ҳол эканига қараб муомала қилишмайди. Асл тошкентликлар самимий инсонлар бўлишади, улар билан суҳбатлашганда руҳий яқинликни ҳис этасиз. Ўзимнинг ҳам тошкентлик курсдош дўстларим, ҳамкасбларим бор. Улар билан муносабатларимиз самимийлик асосида қурилган. Тез-тез учрашиб, суҳбатлашамиз. Ана шундай суҳбатларда улар томонидан ҳеч қандай ажратишлар, камситишлар сезилмайди. Зеро, бу асл тошкентликлар қонида оқаётган самимийликдир. Ижтимоий тармоқларда тошкентликлар номидан гапириб, вилоятликлар ва тошкентликларни ажратаётганлар эса кимнингдир сурнайига ўйинга тушаётганлардир.

Ижтимоий тармоқ шундай маконки, унда барча нарса юқумли. Бугун чиққан қайсидир пост сизга таъсир қилмаслиги мумкин, аммо у қайта-қайта айланаверса, миянинг қайсидир бурчагида унга жой очилади, ўқиган одамда реакция пайдо бўлади. Идиш ювадиган “мочалка” сингари ўзига ҳамма нарсани сингдириб олаверади. Ижтимоий тармоқда ёшларнинг ҳам борлигини, уларнинг мияси кўп нарсаларни фильтрламай ўтказишини ҳисобга оладиган бўлсак, бу хатарли. Бора-бора бу реакциялар катта жанжалга олиб келиши, миллатни руҳан айириб юбориши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Руҳан айрилган миллат эса арзимаган ташқи зарбаларда ҳалокат чоғига қулаши ҳеч гапмас. Маҳаллийчилик миллатни ҳалокат ёқасига етаклайди.

Шундай экан, бирлашайлик, азиз биродарим! Бирлашайлик! Бир-биримизга тошкентлик ё вилоятлик сифатида қарашни бас қилиб, барчамиз бир ўзбекистонлик деган тушунчани сингдиришимиз, қўлни қўлга, дилни дилга беришимиз зарур. Шундагина бизни ҳеч ким, ҳеч қандай куч ҳалокатга етаклай олмайди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: