16:49 | 25.04.24

                       

Ўзбекистонда бачадон ижараси авж олмоқда

Айрим ўзбек аёллари бачадонини ижарага бермоқда. Ҳа, тўғри эшитдингиз. Ўзбекистонлик аёллар, ўз қорнини 20 минг АҚШ долларигача бўлган суммага ижарага бермоқда.

«Наҳотки, бачадон ҳам ижарага бериладими, ким ижарага оларкан?», дея ҳайрон бўлсангиз керак! Аёллар бачадонини ижарага олишади, кам эмас 9 ой муддатга олишиб, бу учун мўмайгина пул ҳам тўлашади.

Бачадон ижараси замонавий тилда суррогат она деб номланади ва бачадонини ижарага берувчи аёл, ўзи танимаган ғирт бегона эр ва хотинлар учун бола туғиб беради. Аниқроқ айтадиган бўлсак, бегона жуфтликларнинг сперма ва тухум ҳужайралари, бачадонини ижарага беришга рози бўлган аёл эмбрионига экилади. Бунинг натижасида суррогат аёл ҳомиладор бўлади. Бегоналарнинг боласини 9 ой қорнида кўтариб юради.

Мухбиримиз ижтимоий тармоқлардаги рекламалар орқали ўзбек аёлларини суррогат оналикка кўндираётган бир қанча каналлар ва олиб кетадиган ўртакашларни топиб, улар билан гаплашишга эришди. Ҳатто, бир воситачига суррогат она бўлиш истагида эканлигини айтиб, воситачи билан боғланди, у айтган манзилга бориб шифокорлар назоратидан ўтди.

Реклама эълонларига кўра, бачадон ижараси учун таклиф қилинган пул миқдори 15-20 минг АҚШ доллари атрофида. Шунингдек, яна турли бонуслар ҳақида сўз юритилганини кўриш мумкин. Бачадонини ижарага берган аёлдан эгизаклар туғилса, мукофот пули 5 минг долларгача ошиши, қайта иштирок этиши учун эса 2 минг доллар берилиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар очиқланган.

Суррогат она ҳақидаги тушунча Ўзбекистон қонунлари ҳамда норматив ҳужжатларида қайд қилинмаган ва у ҳақда ўзбек медиасида бирор маълумот йўқ. Бундай турдаги оналик тақиқлангани ёки рухсат этилгани ҳақида ҳам ҳеч қандай қонуний шартлар мавжуд эмас. Қонунларимизда, фуқароларнинг ўз бачадонини ижарага беришига қарши ҳеч қандай жавобгарлик белгиланмагани ва хотин-қизларимизнинг бу борадаги етарли ҳуқуқий саводхонлиги йўқлиги сабабли, аёлларимиз билиб-билмай одам савдоси жиноятига қўл уришмоқда.

Бачадон ижараси аллақачон бизнинг республикамизга кириб келган ва бу борада яхшигина бизнеслар кучайиб бормоқда. Ўзбек аёллари ўз бачадонини, хорижликлар учун, хусусан, Грузия, Украина, Россия фуқаролари бўлган жуфтликлар учун ижарага бериб бўлишган ва бу амалиётга рози бўладиган аёлларимиз сони кўпайиб бормоқда.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг олди-сотдиси Жиноят кодексининг 133¹-моддаси билан чақалоқ савдоси билан боғлиқ ҳар қандай муносабат ва олди-бердилар эса одам савдоси жинояти сифатида малакаланиб, кодекснинг 135-моддаси билан жавобгарликка тортилади. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, айни кунгача икки ҳолатда суррогат оналик аниқланиб, иштирокчиларнинг ҳаракатлари жиноий қилмиш сифатида баҳоланган ва улар жавобгарликка тортилган.

Шунингдек, пул эвазига қорнида ўзгаларнинг боласини кўтариб юриш, диний тушунчаларнинг камлиги билан ҳам боғлиқ бўлиб, Ислом дини нуқтаи назаридан суррогат оналик масаласи жуда қаттиқ танқид қилинади ва шаръий никоҳланмаган жуфтликлар ўртасида фарзанд туғилиши катта гуноҳ эканлиги таъкидланади.

Бачадон ижарасидан сўнг суррогат онанинг саломатлигида қандай ўзгаришлар кузатилиши, ўзга учун туғиб бериш жараёни қандай салбий ҳолатларга сабаб бўлиши ҳақида тиббиётчиларимиздан ҳам фикр олишга уриндик. Аммо тиббиётимиз мутахассислари бу мавзу ҳақида гапиришни исташмади. Уларнинг наздида бу мавзу табу экан.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўнғироқларга деярли жавоб бермайдиган, ахборот хизмати раҳбари «хўп» дегач, у томонидан айтилган.

«Республика Ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази»га бордик, бачадон ижараси масаласида ушбу марказ раҳбарлари ҳам, мутахассислари ҳам бу мавзуда умуман гапириш истаги йўқлигини айтиб, отангга бор, онангга бор деган муомалани кўрдик. Алал оқибат, ахборот хизмати бошқа мутахассис топиб беришни ваъда берганича, телефонга жавоб бермади. Бундан тушуниш мумкинки, айрим тиббиётчиларимиз аллақачон Суррогат она бизнесига шерик бўлиб улгуришган. Ва шунинг учун бу мавзу очилишини исташмайди.

Бачадонини ижарага бераётган аёллар ўзбекистонда йўқ, дея панжа ортидан қараётган ва бу мавзуда гапиришни истамаётган масъуллар, ўзбек аёлларининг бир неча юзтаси аллақачон суррогат оналикни бажариб қайтгани ҳақидаги фактларга нима дейишар экан?

Ўзбекистонда расман бачадон ижараси мавжуд эмас. Бу қонунан тақиқланган, ушбу турдаги қилмиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Лекин суррогат она бўлиш истагидаги аёлларимиз учун бунинг аҳамияти йўқ, улар пул учун ўз танасини азобга қуйиб бўлсада, динидан кечиб бўлсада бачадонларини ижарага беришмоқда.

Суррогат оналардан тузилган бир нечта телеграм гуруҳларда, бу жараёнларда иштирок этаётган ўзбек аёлларига яратилган шароитлар ҳақида аудио, фото-видео маълумотлар бериб борилади.

Аёлларимиз уларни ким, қаерга олиб кетаётгани, шунингдек, номаълум буюртмачилар ҳақида қизиқиб ҳам кўришмаган. Рекламалардаги барчаси қонуний, деган сўзларига ишониб, ўзларини соғлиқларини, ҳаттоки, тақдирларини ишониб топширишмоқда.

«Азиз аёллар, Ўзбекистон қонунчилигида жавобгарлик белгиланган, динимизда тақиқланган бу каби қилмишларни содир этишдан тийилинг. Арзимас пул учун ўзингиз билмаган, танимаган инсонлар ортидан ўзга юртга бориш олдидан, ўйлаб кўринг. Азиз умрингиз ва қайта тикланмас соғлиғингиз бундай таваккалчилликка арзийдими?

Бачадонингизни ижарага берсангизда, боланинг юрак уриши, унинг тепиши ва ҳаракатларини сезиб, ҳис қилиб турасиз. У бола сизники эмаслигини биласиз, аммо бу ҳислар кейинчалик йиллар давомида сизни тарк этмаслиги мумкин».

Ислом динида таъқиқланган суррогат оналик бугунги кунда кўплаб ривожланган мамлакатларда ҳам таъқиқланган. Масалан, Франция, Германия, Австрия, Норвегия, Швеция, АҚШ суррогат оналик тақиқланган.

Бу мавзуда очиқ қолган саволларимиз кўп. Ҳар қанча «бизда бу йўқ», деб яширишга уринмайлик. Бу бор. Лекин бу масалада шуғулланиб, назорат қиладиган орган йўқ. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари эса мавжуд ҳолатни яширмаяптимикан? Билиб туриб, жавоб бермасдан, яширишга уриниш абгор тиббиётимизни янада абгор кўрсатаётгандек.

Шу ўринда савол туғилади. Ҳозиргача қанча ўзбекистонлик аёл суррогат она бўлган? Бу борада очиқ маълумотлар орасида статистик рақамлар йўқ. Шунингдек, суррогат она ҳақида масъулларга берилган саволларимиз, жавобсиз қолди.

Кўриб турганингиздек, Ўзбекистонда суррогат она мавзуси деярли ўрганилмаган ва гапирилмаган эди. Бир неча кунлик ўрганишларимиз натижасида бачадон ижараси билан боғлиқ бир қанча ҳуқуқбузарликларни фош этдик. Биз ушбу ўрганишларимиз билан кенг жамоатчиликни ва масъулларни ҳушёрликка чорлаймиз. Зеро миллат шаъни, аёлларимизнинг ҳуқуқлари ўзгалар томонидан таҳқирланиши ҳаммамиз учун фожеа ҳисобланади. Ҳаммамиз бу иллатга қарши курашишни бугунданоқ бошлашимиз зарур.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: