18:46 | 03.05.24

                       

Ўзбекистонда қарздор, 10 йил давомида мажбурий реестрда руйхатда туради

Ўзбекистонда қарздор, 10 йил давомида мажбурий реестрда руйхатда туради. 10 йил давомида унинг номида пайдо бўладиган ҳар қандай мол-мулк даъвогар фойдасига ундириб берилади.

Бугун АОКАда Мажбурий ижро бюроси томонидан ўтган даврда амалга оширилган ишлар, соҳадаги янгиликлар ва рақамлаштириш масалалари юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда Bugun.uz мухбири хабар берди.

Анжуманда Бюро раҳбарияти тизимда олиб борилаётган ишлар, Ўзбекистон Президентининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонидан келиб чиқиб бажарилаётган вазифалар ҳақида ахборот берилди.

Шу билан бирга, МИБ томонидан жорий йилнинг I чорагида жами 14 трлн сўмлик ундирувлар амалга оширилган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,2 трлн сўмга (43 %) ошганлиги қайд этилди.

Бюронинг ҳудудий бошқармаларида ахборот технологиялари ёрдами билан муқобил равишда ва масофавий ишлаётган 15 та туманлараро бўлимлар томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилмасдан ва фуқароларнинг мол-мулкларига дахл қилмаган ҳолда 242 млрд сўмлик (632 мингта) ҳужжатлар ижроси таъминлангани ҳақида сўз борди.

Маълумот ўрнида, мажбурий ижро ҳаракатлари давомида 7 йил ичида жами 489 нафар МИБ ходимларига нисбатан тан жароҳати етказиш ҳолатлари кузатилган. 6 нафар ходим эса олган жароҳатлари туфайли вафот этган.

Айтиш керакки, бугунги кунда фуқаролар ўртасидаги ўзаро пул ва бошқа қиймат касб этадиган олди-бердилар билан боғлиқ муаммолар якуни судларда ечим топмоқда. Ўз навбатида, суд қарорлари асосида даъвогарларнинг қонуний ҳақларини қарздордан ундириш МИБ зиммасига юкланган бўлиб, бугунги кунда бундай ундирувларда бир жиддий муаммо пайдо бўлган. Яъни қарздорнинг номида ҳеч қандай мол-мулки йўқлиги ва ҳеч қаерда ишламаслиги муаммоси. Bugun.uz мухбири шу масаладаги савол билан Бюро масъулларига юзланди.

Айни кунга қадар бўлган ундирув амалиётида қарздорнинг номида мол-мулк йўқлиги ва ҳеч қаерда ишламаслиги сабаб Суднинг ундирув тўғрисидаги қарори ундирувчига қайтариб юборилади. 2024 йилнинг биринчи августидан эса бу борадаги қонунчиликка ўзгартириш киритилади ва Мажбуриятлар реестри ишга туширилиб, унда қарздор ҳақида барча маълумотлар жойланади ҳамда 10 йил давомида унинг номида пайдо бўладиган ҳар қандай мол-мулк даъвогар фойдасига ундириб берилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: