15:11 | 17.05.24

                       

Тошкент вилоятида 5 туп чинор кесганлар қамалди

Тошкент вилоятида 5 туп чинор кесганлар 2 йилга қамалди. Улар дарахтларни «Тахта бозори»да сотмоқчи бўлган.

Тошкент вилоятининг Чирчиқ туманида 5 туп чинорни ноқонуний кесган шахслар озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2023 йилнинг декабрида фуқаро ўзининг уч нафар шериги билан туманнинг «Машъал» МФЙ ҳудудида жойлашган фермер хўжалигига қарашли дала майдонига бориб, моторли арра ва бошқа иш қуроллари ёрдамида жами нархи 247 миллион 180 минг сўмлик 5 туп кўп йиллик шарқ чинорини таг қисмидан ноқонуний кесиб олган.

Кесилган дарахтларни бўлакларга бўлиб, ўзлари ёллаган КамАЗ юк машинасига жойлаб, Тошкент шаҳри ҳудудидаги халқ тилида «Тахта бозори» деб аталувчи бозорга сотиш мақсадида олиб кетилаётганида ички ишлар ходимлари томонидан тўхтатиб қолинган.

Суд ҳукми билан айбдор шахсга Жиноят кодексининг 198-моддаси (экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) 2-қисми билан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Унинг жиноий шерикларига ҳам кодекснинг тегишли моддаларига асосан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: