13:30 | 18.05.24

                       

Халқаро террорчилик ташкилоти аъзоси бўлган ўзбекистонлик 35 ёшли йигит қидирилмоқда

Халқаро террорчилик ташкилоти аъзоси бўлган ўзбекистонлик 35 ёшли йигит қидирилмоқда. У аёли ва 1 нафар фарзанди билан саёҳат қилиш баҳонасида чет элга чиқиб кетган.

Туркияга саёҳат қилиш учун кетган оила Ислом давлат халқаро террорчилик ташкилотига қўшилишган. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Муроджон Ахматов 1989 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Ахматов Тошкентда яшаган пайтида муқаддам судланган қўшниси таъсирида диний экстремистик оқим ғояларини қўллаб-қувватлай бошлаган. У динга берила бошлагани сабабли ишдан бўшаган. У яқин қариндошларига турмуш ўртоғи Феруза Ахматова ва бир нафар фарзанди билан Туркияга саёҳатга кетаётганини айтган. Ахматов турмуш ўртоғи билан бирга Ўзбекистондан Туркия давлатига чиқиб кетгач, у ердан айланма йўллар орқали Сурия давлатига ўтиб кетиб Ислом давлати халқаро террорчилик сафларига бориб қўшилишган. Олинган тезкор қидирув маълумотларига кўра, Ахматов жангари сафларида тахминан 2018 йилга қадар бўлган ва бедарак йўқолган. Ҳозирда у вафот этган ёки террорчилик ҳужумларини амалга оширишда бошқа давлатга ўтган бўлиши мумкин.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан Ахматов Муроджон ва Ахматова Ферузага нисбатан Жиноят кодексининг 244-2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: