13:11 | 28.02.24

                       

27 февралда электр энергиясига чекловлар 700 МВтгача оширилди

Туркманистон Республикасидан 22 млн кВт/соат электр энергияси импорт қилинди. Республика истеъмолчиларига 232,8 млн кВт/соат, режадагига нисбатан 3 фоиз кўп электр энергияси етказиб берилди.

Ўзбекистонда 27 февраль куни электр энергиясига чекловлар 700 МВтгача оширилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.

27 февраль куни электр станциялар орқали 240,9 млн кВт/соат, режадагига нисбатан 3 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 43,7 млн кубометр табиий газ, 26,7 минг тонна кўмир ҳамда 10,8 минг тонна мазут ёқилди.

Туркманистон Республикасидан 22 млн кВт/соат электр энергияси импорт қилинди. Республика истеъмолчиларига 232,8 млн кВт/соат, режадагига нисбатан 3 фоиз кўп электр энергияси етказиб берилди.

Қишнинг совуқ кунларида магистраль газ қувурларида газ босимининг кескин тушиб кетганлиги ҳамда аҳоли истеъмолчиларида электр энергиясига нисбатан талабнинг ошиб бориши туфайли 27 февраль куни ҳам мамлакат бўйлаб асосан куннинг тиғиз вақтларида 700 МВтгача чекловлар киритилишига мажбур бўлинди.

Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, ҳолат яхши томонга ўзгаргунга қадар бугун ҳам куннинг тиғиз пайтларида маълум миқдорда чекловлар киритилиши мумкин. Газ босимининг одатдагидан кўра паст эканига қарамай, 27 февраль куни ҳам унинг истеъмоли юқорилигича қолди. Кеча мазкур миқдор 154,7 млн кубометрни ташкил қилди.

Табиий газ босимининг ҳали-ҳануз паст эканлиги бу борадаги меъёрий схеманинг тўлиқ тикланишига тўсқинлик қилмоқда. Бухоро вилоятида содир бўлган авариядан сўнг магистраль газ қувурларида газ босими кескин тушиб кетганининг оқибатларини бартараф этиш, республика истеъмолчилари ҳамда иссиқлик электр станцияларини табиий газ билан бир маромда таъминлашда юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қатор зарур чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини биринчи навбатда табиий газ билан таъминлаш ҳамда қувурлардаги босимни бир меъёрда тутиб туриш мақсадида барча ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларнинг иш фаолияти маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-график асосида тизимли равишда йўлга қўйилмоқда. 27 февраль мамлакатдаги 561 та ана шундай шохобча орқали аҳолига ва ижтимоий соҳалар объектларига тегишли автомобиллар, шунингдек, жамоат транспортларининг барча турларига 3 миллион 771 минг кубометр табиий газ етказиб берилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: