14:23 | 02.11.22

                       

Шўрчида ўқувчиларга аҳоли уйларида дарс ўтилгани учун ҳокимга ҳайфсан берилди

Бахтиёр Худойбергановнинг эса бу ҳолатдан хабари бўлмаган

Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов раислигида 2022 йилнинг 1 ноябрь куни халқ таълими тизимидаги мавжуд муаммоларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида оддий мактабни ихтисослаштирилган мактабга айлантириш чоғида масъуллар томонидан йўл қўйилган ўзбошимчалик ва ўз ишига совуққонлик жиддий танқид қилинган.

Фото: «Bugun.uz»

Йиғилишда айтилишича, мазкур жараёнларда вилоят ҳокимлиги томонидан ўқувчиларни жойлаштириш мақсадида янги мактаб очиш таклифи берилган, Халқ таълими вазирлиги эса тегишли тартибда зарур бино ва жиҳозлар билан таъминлангандан сўнг мактаб очилишига рухсат берилган. Масаланинг ҳужжатли ишлари ва бинони тайёрлашга оид ташкилий масалалар кўрилгунгача, ўқувчилар 5-6 километр наридаги мактабга қатнашга мажбур бўлган. Бу эса ота-оналарнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган.

Фото: «Bugun.uz»

Бу ўртада мактабнинг собиқ директори ташаббуси билан аҳолининг уйида болаларга дарс ўтиш бошланган.

«Бу нима деган гап?! Инсон қадри шуми? Тошкентда, ёзда салқин, қишда иссиқ кабинетларда ўтирган амалдорлар болалари қишлоқнинг лой йўлларида ҳар куни 10 километрлаб юришига, аҳоли уйларида ўқишига рози бўлишармиди? Яна уйларда таълим бераётган ўқитувчиларга маош ҳам берилмаяпти экан. Ўқитувчининг нима айби бор бу ерда?!», — дея эътироз билдирди Сардор Умурзаков.

Йиғилишда барча масъуллар, жумладан, халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳамда Шўрчи тумани ҳокими Бахтиёр Худойберганов вазиятга изоҳ берар экан, мазкур ҳолатлар ўз тасдиғини топганини тан олган. Айтилишича, ушбу ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ тузилиб, зудлик билан Шўрчи туманига юборилган.

Шўрчи тумани ҳокими ўқувчиларга аҳоли уйларида дарс берилаётганидан хабарсиз қолганини, бу ташаббус ўзбошимчалик билан ёшлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосари ва туман халқ таълими бўлими бошлиғи томонидан ташкил қилинганини маълум қилди.

«Юзлаб болалар сарсон бўлиб юрсаю, ҳокимлик вакиллари бунга бефарқ қараса, шуми давлат раҳбари билдирган ишончга муносабат?! Демак, ишига масъулиятсизлик билан қараган туман ҳокими ўринбосари ва халқ таълими бўлими мудири ишдан олинсин ва уларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш керак. Туман ҳокими Бахтиёр Худойбергановга эса ҳайфсан берилсин. Агар зудлик билан вазият ўзгармаса, ҳокимият биноси бўшатилиб, болалар шу бинода таълим олишади. Мен мутлақо жиддий айтяпман. Ҳоким уйида ташкил қилаверсин ишини», — деди Администрация раҳбари.

Шунингдек, Сардор Умурзоқов Шўрчи воқеаси ҳар бир вилоят ва ҳар бир туман ҳокимлигига ўрнак бўлиши кераклиги, Халқ таълими вазирлиги билан бирга комиссия тузилиб, ташкил этилиши режалаштирилган 168 та ихтисослаштирилган мактаб хатловдан ўтказилиши, ҳар бир мактаб бўйича керак бўлса ўқитувчи ва ўқувчилар кесимида аниқ ахборот киритиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.

Мавзуга доир: Фермерларни ҳақорат қилган Тошлоқ тумани ҳокимига ҳайфсан эълон қилинди

Эслатиб ўтамиз, 28 сентяюрь куни Шавкат Мирзиёев қарори билан бир қатор туман ҳокимлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани тўғрисида хабар берилганди. Ижтимоий тармоқларда Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов бошчилигида видеоселектор йиғилишининг аудиоси тарқалди. Унда Умурзоқов 5 нафар ҳоким — Андижон, Асака, Пахтобод, Фарғона ва Нуробод туманлари раҳбарлари ишдан олинганини эълон қилганини эшитиш мумкин.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: