20:21 | 29.04.24

                       

Қирғизистонда ўзбекистонлик аёл паспортини йўқотиб, пулсиз қолиб кетди

Қирғизистонда ўзбекистонлик аёл паспортини йўқотиб, пулсиз қолиб кетди. У мамлакатга вафот этган турмуш ўртоғининг ўлими тўғрисидаги гувоҳномани олиш учун борган.

Қирғизистонда паспорти ва шахсий буюмларини йўқотган ҳамда пулсиз қийин аҳволда қолган 1968 йилда туғилган Ўзбекистон фуқаросига ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда Dunyo АА хабар берди.

Фото: Dunyo АА

Маълум қилинишича, у 2022 йилда Қирғизистонда вафот этган турмуш ўртоғининг ўлими тўғрисидаги гувоҳнома ва бошқа ҳужжатларини олиш учун Ўш вилоятига борган. Шу вақтда ўзининг паспорти ва шахсий буюмларини йўқотган ҳамда пулсиз қийин аҳволда қолган. Унга консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатилди. Жумладан, ватанга қайтиш гувоҳномаси тўловсиз расмийлаштирилди ва Ўзбекистонга қайтишида амалий ёрдам берилди.

Бош консулхона маълумотига кўра, 2024 йилнинг бошидан буён 300 га яқин хотин-қизларга ва ўзбекистонлик талабаларга турли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган. Мурожаатларнинг аксарияти хорижий мамлакат визасини расмийлаштириш, рўйхатдан ўтиш, ватанга қайтиш гувоҳномаси олиш, шунингдек, оилавий-маиший муаммолар, фарзандлар ёки мол-мулкни тақсимлаш ва бошқа масалаларга оид бўляпти.

Бош консулхона ҳузурида консуллик округига кирувчи Ўш, Жалолобод ва Баткен вилоятларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ёки олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган фаол, тадбиркор, ижодкор, ташаббускор хотин-қизлар, талаба ёшлардан иборат ишчи гуруҳ тузилган. Мазкур ишчи гуруҳ кўмагида турли байрам тадбирлари, давра суҳбатлари ва учрашувлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: