16:00 | 14.02.24

                       

Saneg Италиянинг нефт ва мойлаш материаллари ишлаб чиқарувчи CGC Lubricants Italy компаниясини сотиб олганини эълон қилди

Ушбу харид орқали Saneg Европа бозорида ўз ўрнини сезиларли даражада кенгайтиради ва мойлаш саноатида технология етакчиси сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди.

Ўзбекистондаги энг йирик хусусий нефт-газ компанияси – Saneg Италиянинг юқори сифатли автомобил ва саноат мойлари ҳамда мойлаш материаллари ишлаб чиқарувчи – CGC Lubricants Italy S.P.A. компаниясини сотиб олганини эълон қилди. Ушбу харид орқали Saneg Европа бозорида ўз ўрнини сезиларли даражада кенгайтиради ва мойлаш саноатида технология етакчиси сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди.

Бундан ташқари, CGC Lubricants Italy компанияси Ўзбекистонда етакчи техник мойлар ишлаб чиқарувчи Saneg компаниясининг шўба корхонаси – SEG Motol билан стратегик ҳамкорлик шартномаси тузди.

Битим натижасида компаниянинг CGC Lubricants Italy номи SANEG OIL ITALY S.P.A. га алмаштирилди. Италия компаниясини сотиб олиш мойлаш саноатидаги икки кўзга кўринган ўйинчи бирлашганидан далолат беради. CGC Lubricants Italy Бари шаҳрида 19 нафар малакали мутахассисларни иш билан таъминлайдиган замонавий ишлаб чиқариш заводига, шунингдек, Рим шаҳрида 11 нафар ходимга эга тижорат офисига эга.

Saneg компанияси Бошқарув Раиси Бахтиёр Фозилов шундай фикр билдирди:

«Ушбу харид Sanegнинг бизнесни кенгайтириш стратегиясидаги муҳим босқич ҳисобланади. Икки компания ўртасидаги синергия Sanegнинг Европа бозоридаги иштирокини кенгайтирибгина қолмай, балки унинг Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги мойлаш материаллари саноатининг технологик етакчиси сифатидаги мавқеини ҳам мустаҳкамлайди. Бу компаниянинг мамлакат истеъмолчиларини зарур сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, шу орқали импорт ўрнини босишга ҳисса қўшиш истагига тўлиқ мос келади».

Saneg бош директори Тўлқин Юсупов:

«Компаниянинг Бари шаҳридаги заводида аккредитациядан ўтган илмий-тадқиқот лабораторияси мавжуд бўлиб, у доимий равишда инновацияларни жорий этиб келади, кенг турдаги янги мойлаш материалларини ишлаб чиқади. Бу тажриба Sanegнинг Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида (ФНҚИЗ) ҳам қўлланилади. SANEG OIL ITALY S.P.A. илғор технологиялари ва ноу-хаулари Ўзбекистонда мойлаш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга имкон беради».

Корхонада ишлаб чиқариш жараёнлари юқори даражада автоматлаштирилган бўлиб, 200 дан ортиқ турдаги мойлаш материалларини самарали ва изчил ишлаб чиқаришни таъминлайди.

Saneg, шунингдек, Италия, Франция, Испания ва Португалияда ҳар йили 26 минг тоннагача маҳсулот етказиб бериладиган кенг дистрибюторлик тармоғига кириш орқали Италия ва Европа мойлаш материаллари бозорида салмоқли улушга эга бўлади, ўз навбатида, CGC Lubricants Italy ФНҚИЗ учун юқори технологияли маҳсулотларнинг стратегик етказиб берувчига айланади ва шу орқали Ўзбекистон ҳамда ундан ташқаридаги бозорларга узлуксиз маҳсулот етказиб берилишини таъминлайди.

Ушбу харид илмий, технологик ва тижорат соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади. Келишувнинг асосий параметрлари рецептуралар ва технологиялар соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, ФНҚИЗ томонидан ишлаб чиқарилган базавий мойлар учун Европа хавфсизлик сертификатларини олиш кабиларни ўз ичига олади.