12:08 | 14.12.24

                       

Энергетика вазири иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров устидан прокуратурага шикоят киритди

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга кўра, иқтисодчи Отабек Бакировнинг Сағбон подстанциясига оид танқидий постининг мундарижасида ҳақорат ва обрўсизлантириш ҳолатлари мавжудлиги сабаб блогерга нисбатан тегишли тартибда чора кўрилиши лозим. Энерговазир Ўзбекистонда «энергоцензура» киритмоқчими?

Блогер Отабек Бакировга кўра, 2023 йил 5 июнда чоп этилган постда Сағбон подстанцияси билан боғлиқ муаммолар ёритилган эди. Энергетика вазири ушбу пост чиққанидан кейин 1 йилу 4 ой ўтиб, 2024 йил 10 октябрда шикоят аризасини ёзган. Мирзамаҳмудов ушбу постда ҳақорат ва обрўсизлантириш ҳолатлари борлигини таъкидлаб, тегишли чора кўришни сўраган.

Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Отабек Бакиров.

Қизиқ жиҳатлар

  • Шикоят аризаси пост эълон қилинганидан анча вақт ўтиб киритилган.
  • Мирзамаҳмудов аризани Lolazor дастурининг 2024 йил 4 октябрдаги сонида иштирок этганидан 6 кун ўтиб топширган.
  • Танқид остида қолган Сағбон подстанцияси ўшандан бери таъмирланаётгани айтилмоқда.

Келгусида нима бўлади?

ИИБ Киберхавфсизлик бўлинмаси аризани кўриб чиқмоқда. Экспертиза постда вазирни ҳақоратлаш ва обрўсизлантириш ҳолатлари мавжуд ёки йўқлигини аниқлайди. Вазият бўйича тушунтиришлар ва қўшимча маълумотлар тўпланиши мумкин.

Отабек Бакиров фикри

Пост муаллифи вазирнинг шикоят аризасини «танқидни тўхтатишга уриниш» сифатида баҳолаб, бундай ҳаракатларни «энергоцензура» ва муаммоларни ёпишга уриниш деб ҳисобламоқда. Шунингдек, Отабек Бакиров энергетика соҳасидаги муаммолар ҳақида ёзиш ва танқидий саволлар беришда давом эттишини билдирган.