9:16 | 18.12.24

                       

Ўзбекистонда эркаклар ҳам «оталик таътили»га чиқиши мумкин

Ўзбекистонда турмуш ўртоғига ёрдам бериш учун эркаклар ҳам «оталик таътили»га чиқиши мумкин.

Парламент қуйи палатасига киритилган «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида ишлаётган эркаклар фарзандли бўлганда, турмуш ўртоғига ёрдам бериш ва бошқа фарзандларига қараб туриши учун қисқа муддатли таътилга чиқиши билан боғлиқ меъёрлар таклиф этилган. Бу ҳақда депутат Нодир Тилаволдиев маълумот берди.

«Эркаклар фарзандли бўлганда, турмуш ўртоғига ёрдам бериш ва бошқа фарзандларига қараб туриши учун қисқа муддатли, 1 ой ичида 5 кунлик, маоши сақланган ҳолда меҳнат таътилига чиқиш имконияти берилиши назарда тутилмоқда», деди у.

Таъкидланишича, шу кунга қадар миллий қонунчиликда бундай таътил назарда тутилмаган эди. Шу сабабли эркаклар касбий ва оилавий мажбуриятларини уйғун тарзда амалга оширишга қийналган ёки ўз ҳисобидан таътил олишга мажбур бўлган.

Шу билан бирга, Меҳнат кодексида меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш, тазйиқ ва зўравонликни тақиқлаш принциплари такомиллаштирилмоқда. Яъни, меҳнат жараёнида бошқа ходимга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки таҳдид қилган ходимни иш берувчи ташаббуси билан бошқа ишга ўтказиш ёки ишдан бўшатиш амалиёти қўлланилиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари рўйхатига киритилиб, давлат томонидан уларни ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатлар таъминланиши белгиланмоқда.